Тўй. “Бу эмас”
Чироқчилик киракашлардан бири айтади: “Бир куни тонг қоронғусида “Чоршанби”га (бозорнинг номи) бораман деган кишилар чиқиб қолар деган умидда йўловчи пойлаб ўтирсам, бир йигитча чопқиллаб келиб қолди. “Бугун ЗАГС, ака, келинингизни салонга олиб бориб қўйишимиз керак”, деди машинага ўтирар-ўтирмас. Келин бўлмиш қизни ўттиз чақирим юриб туман марказидаги салонга олиб келдик, бу ердагилар қачон иш бошлайди, ҳайронман, келсак салон аллақачон очилган экан. Навбатда биздан олдин ҳам одам бўлганми ёки ўзи шунча вақт кетадими, уч соатдан кейин “тайёр” бўлишини айтди. Қизни дугонаси билан қолдириб қайтиб чиқдик. Йигитчани ёнимга ўтқазиб унинг-бунинг ҳожатини чиқариб юрдим. Айтилган вақтда борсак, Сочлари тикка-тикка қилиб, ҳар тарафга қаратиб қотирилган, кўзининг атрофи обдон кўкартирилган, юзига ола-була ранг сурилган қизни кўриб йигитнинг кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди. Ҳадеб “бу эмас”, дейди. Яхши ҳам дугонаси бор экан, ўшани танигани учун зўрға ўзига келиб олди, камбағал. Ростдан ҳам, қиз салонга киргунча туппа-тузук эди”.
Беш-олти йил бурун Қаршига борадиган бўлиб қолдик. Чироқчидан таксига ўтирдик, озроқ юргандан сўнг шофёр “Ўтган куни шу ерда авария бўлибдими?” деб қолди. “Ўша аварияда мен ҳам бор эдим, ака, — деди бир йўловчи — ЗАГСга йигирмата нексия (ҳозир ласетти келади, нексия модадан қолган) келди, ишонасизми, қишлоққа машина сиғмай кетди. Йигирма нексия икки қатор бўлиб олиб Қаршига томон юз қирқда босиб боряпмиз, қаршимиздан чиққан машина қандай қилиб ўтиб олади, ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Шунда машиналардан бири учинчи қаторга чиқибди, йўлнинг кенглиги уч қаторга энсизлик қилгани боис учинчи қатордаги машина йўлдан чиқиб кетаёзган ва машинани буриб, иккинчи машинани туртиб юборган, зарб еган машинанинг ёнида мен кетаётган эдим, у менинг машинамга уриладиган бўлди. Билмадим, Худо қандай асради, тезликни янада ошириш ҳисобига чап бериб қолдим, чоғи. У айланиб, дарахтларни оралаб кетди. Энди эса машина ҳайдашга қўрқяпман”.
Туғруқ. “Сарпо-суруқни унутманг”
Пойтахтдаги туғруқхоналардан бири. Чошгоҳ пайти. Палатадаги кўзи ёриган уч нафар аёлнинг бирига жавоб теккан. Унга хизмат кўрсатиш учун чақирилган сартарош, косметолог, манюкер, педюкер деганлари қўлларига асбобларини олиб унинг сочи, юзи, қовоқлари, қўл ва оёқ тирноқларига турли буёқларни чаплаб ётибди. Улар туппа-тузук аёлни палатадошлари кўз ўнгида циркда ўйнайдиган масхарабозга ўхшатди, қўйди.
Энди унинг хурсандчилигини кўрсангиз, қўлига телефонни олиб онасига қўнғироқ қиляпти. “Қовурдоқ олиб келганда қудаларингизга бошдан-оёқ сарпо-суруқни унутманг, мулла акамларнинг ҳам ҳаммасига тўн оласиз, нима? билмайман мен, топасиз, қарз-қавола қилинг… қудаларингиз олдида паст кетиб, мени уялтирманг… хайр”. Уфф, деб бошқа рақамни терди, “… ака! Лимузин олиб келяпсизми, қиммат экан, қанча?.. икки юз, майли, …ака, икки бекат жойга икки юз тўласак ҳам, зато, бу ердан чиққанимизни дўст-душман кўради… Ўғлимиз бирдагина энг зўр машинага минсин дейман-да, а, фарқига бормаса нима бўлибди, биз борамиз-ку, орзу-ҳавасингиз, йўқми, сизнинг… эпика бўлмайди, фақат лимузин, ҳа, карнайчилар шайми? Видеочига тайинланг, яхшилаб олсин, хўпми?..”
Ибрат
Ана шу манзаралардан одамлар топган-тутганини, шофёрлар, “буёқчи”лар-у, отарчиларга сарфлаб ётибдимикан, деган хулосага келади киши. Наҳотки, орзу-ҳавас дегани, ярим қути буёқ, машинага бир марта миниш, бир неча тоғора қовурдоқ ва карнай-сурнайнинг ғат-ғатидан иборат-у, бунинг барига “одамлар нима дейди”, деган андиша асос бўлса…
Орзу-ҳаваслар қачон бунчалик майдалашиб кетди, ўзи “одамлар” деганда кимлар, қайси одамлар назарда тутилмоқда? Масалан, мен таниган-билган одамлар кимдир чақалоғини лимузинда олиб чиқмаса, асло унинг ғийбатини қилмайди. Яна ким бўлиши мумкин, ажабо!
Уларнинг кимлигини сиз биласизми, муҳтарам юртдош?
Дамин ЖУМАҚУЛ
Manba: hidoyat.uz