БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо секторидаги БМТ ходимлари сонини қисқартиришга қарор қилди. Бу ҳақда жаҳон ташкилоти раҳбарининг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу қадам Исроилнинг давом этаётган ҳужумлари ва март ойи бошидан минтақага гуманитар ёрдам етказилиши тўхтатилгани муносабати билан қилинган. "Бундан келиб чиқиб, БМТ Бош котиби ташкилотнинг Ғазодаги иштирокини қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур бўлди. У буни тинч аҳолининг инсонпарварлик ёрдами ва ҳимоясига бўлган эҳтиёжи ортиб бораётган бир пайтда қилишга мажбур бўлди. Биз Ғазони тарк этмаймиз. Биз тинч аҳолининг омон қолиши ва ҳимояси учун ёрдам беришда давом этамиз" - деди Гутерриш.
Шу билан бирга, у БМТ Ғазони тарк этмаётганини ва тинч аҳолининг "омон қолиши ва ҳимояси" учун ёрдам беришда давом этишини таъкидлади.
Дюжаррикнинг таъкидлашича, Исроил ўтган ҳафта Ғазода "даҳшатли ҳужумлар" уюштирган ва юзлаб тинч аҳоли, жумладан, БМТ ходимлари ҳалок бўлган.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ғазода БМТнинг 100 га яқин ходими бор ва улардан 30 нафари эксклавни тарк этади.
Унинг таъкидлашича, Исроил ҳукумати Ғазо секторида “ҳарбий ҳаракатларни” давом эттириш ниятини билдирган. Дюжаррик, шунингдек, 19 март куни БМТ ходимларининг ўлимига сабаб бўлган ҳужум Исроил томонидан амалга оширилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Антониу Гутерриш содир бўлган воқеани кескин қоралаган ва воқеани ҳар томонлама ва мустақил текширишни талаб қилган.