8 ноябр куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра, суюлтирилган газнинг нархи ноябр ойининг бошларига нисбатан 14 фоизга пасайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 724 минг сўмни ташкил этди (бир литр учун ўртача 5 520 сўм).
Бу ҳақда ЎзРТХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Бу, ўз навбатида, биржада суюлтирилган газ нархи сентябр ойида қайд этилган ўртача нарх ( бир тоннаси учун 8 800 минг сўм)дан ҳам паст даражага тушганлигини англатади.
Сўнги кунларда биржага қўйилаётган суюлтирилган газнинг ҳажми ҳам ошиб бормоқда. Хусусан, октябр ойида биржа савдоларига бир кунда ўртача 1 500 тонна суюлтирилган газ қўйилган бўлса, ноябр ойининг ўтган даврида ушбу кўрсаткич 2 000 тоннагача етмоқда, яъни ўртача 25 фоизга ўсган.
Шу билан бирга, биржа савдоларига қўйилаётган АИ-80 маркали автомобил бензин ҳажмини ортиши ҳам кутилмоқда.