Дунё ўзининг ранг-баранглиги билан инсониятни ҳамон лол қолдириб келмоқда. Дунё аҳолисининг турмуш-тарзи ҳам ҳар доим одамларни қизиқтириб келган. Айниқса, у одатий ҳаётимиздан фарқ қилса, икки кара қизиқиш уёғотади. Ана шу ноодатийлик, яъни антиқа мулоқот тилига эга оролча ҳақида филолог Элдар Асанов қизиқ маълумотлар билан бўлишди.
Тилнинг жуда турфа кўринишлари мавжуд. Масалан, Канар архипелагига қарашли Ла Гомера оролида испан тилининг ноодатий шеваларига дуч келиш мумкин. Мисол учун,ҳудудда антиқа бир шева бор. Бу шеванинг ўзига хослиги шундаки, у фақат ҳуштакдан иборат. Аниқроғи, испан тили шеваларидан бирининг ҳуштак кўринишидаги варианти дейилади.
Орол тоғлардан иборат, шу боис чўпонлар ўзаро мулоқот қилиш учун шу ҳуштак тилини ўйлаб топган. Ҳуштак оддий товушларга нисбатан баландроқ парда (частота)га эга, шу боис тоғлар ошиб адресантга осонроқ етиб боради.
Бу тилни маҳаллий аҳоли сильбо гомеро (гомеро ҳуштаги) деб атайди. Замона ўзгариши билан бу чўпонлар тилига эҳтиёж ҳам камайиб боряпти, шу боис тил унутилиб бормоқда.
Бу тилни бутунлай йўқотмаслик учун у маҳаллий мактабларда болаларга ўргатилмоқда.