Берлинда Америка ва Украина делегациялари иштирокидаги Россия-Украина урушини тугатиш бўйича музокаралар махфий тарзда ўтказилди.
Бу ҳақда Frankfurter Allgemeine Zeitung нашри маълум қилди.
Газетанинг ёзишича, музокаралар жуда яширин олиб борилган. Журналистлар ким билан ва қачон гаплашгани ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмас эдилар, деб ёзади газета.
Аввалроқ Берлиндаги Германия канцлери биносида Америка ва Украина делегациялари ўртасида учрашув бўлиб ўтганди. АҚШ делегацияси таркибида президентнинг махсус элчиси Стивен Уиткофф ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг куёви, тадбиркор Жаред Кушнер бор. Украина томонидан президент Владимир Зеленский, Хавфсизлик кенгаши котиби Рустем Умеров ва Украина Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Андрей Хнатов иштирок этмоқда. Германия канцлери Фридрих Мерц қисқача табрик сўзидан сўнг музокаралар залини тарк этди.
Делегациялар ўртасидаги учрашув беш соатдан ортиқ давом этди. Музокаралар якунида Уиткофф томонлар сезиларли ютуқларга эришганини айтди.
"Биз 20 банддан иборат тинчлик режаси, иқтисодий масалалар ва бошқа мавзулар бўйича чуқур муҳокамалар ўтказдик. Муҳим ютуқларга эришилди, эртага эрталаб яна учрашамиз", деб ёзади у ижтимоий тармоқда.