Маълумотларга кўра, тўқнашувлар оқибатида 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Хабар берилишича, Суриянинг асосан друзлар яшайдиган Ас-Сувайда шаҳрида бадавий қабилалар ва маҳаллий қуролли гуруҳлар ўртасидаги қуролли тўқнашувларда 100 дан ортиқ инсон яраланди. Шаҳарга юборилган Сурия хавфсизлик кучлари ҳам йўқотишларга учраган, уларнинг олти нафари ҳалок бўлган.
"Бу Ас-Сувайда шаҳрининг ўзида рўй берган биринчи диний тўқнашув ҳисобланади. Бу шаҳар асосан друзлар яшайдиган вилоятнинг маркази ҳисобланади", дея хабар бермоқда BBC.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тўқнашувлар бир неча одам, жумладан, жума куни Дамашқни Ас-Сувейда билан боғлайдиган шосседа бир друз савдогарининг ўғирланишидан сўнг бошланган. Қуролланган бадавий қабила аъзолари шаҳарнинг ғарбий ва шимолий четида жойлашган друз қишлоқларига ҳам ҳужум қилган. Тўқнашувлар туфайли Дамашқ— Ас-Сувайда шоссеси тўсиб қўйилган.
Сурия Ички ишлар вазирлиги Ас-Сувайдада низони бартараф этиш учун операция бошлашини маълум қилди ҳамда друзлардан хавфсизлик кучлари билан ҳамкорлик қилишни сўради.