НАТОнинг Европадаги бирлашган кучлари бош қўмондони Алексус Гринкевич альянсга аъзо давлатлардан бирига Россия ҳужум қилган тақдирда амалга ошириладиган янги ҳарбий режани тақдим этди. «Ғалаба назарияси» (Theory of Victory) деб номланган концепция душманни уч босқичда мағлуб этишни назарда тутади.
Биринчи босқич — Block («Тўсиб қолиш»). Унда НАТО кучлари эҳтимолий ҳужумнинг дастлабки зарбасини қайтариши ва душманнинг олдинга силжишини тўхтатиши керак.
Агар ҳужум давом этса, альянс иккинчи босқич — Blunt («Зарба кучини сусайтириш»)га ўтади. Бу босқичнинг асосий мақсади ҳужум қилаётган қўшинларнинг кейинги олдинга силжиш имкониятини чеклашдан иборат.
Учинчи босқич — Break («Тор-мор этиш») душманнинг нафақат ҳужум қилаётган бўлинмаларини, балки уларнинг ҳаракатини таъминловчи бутун ҳарбий тизимни ишдан чиқаришни кўзда тутади. Бунинг учун НАТО таъминот йўлларини узиш, қўмондонлик тизимларини ишдан чиқариш ва душман қўшинларининг жанговар қобилиятини йўқотишни режалаштирмоқда.
Гринкевич Варшавада бўлиб ўтган Хавфсизлик форумида НАТО ушбу концепцияни бир неча йилдан бери ишлаб чиқаётганини маълум қилди. Бироқ сўнгги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда, альянс раҳбарияти режани биринчи марта очиқ тақдим этишга қарор қилган.