АҚШ Демократик партияси вакиллари, агар Жо Байден сайловдан воз кечса, вице-президент Камала Харрисни президентликка номзод сифатида танлашга кўпроқ мойил бўлмоқда. Ички сўровларга кўра, демократлар Харрис хонимнинг номзодини партиядаги «иштиёқни ошириш» учун энг фойдали деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда CNN манбаларга таяниб ёзди.
Қайд қилинишича, кўплаб демократлар президентликка эҳтимолий янги номзодни муҳокама қилишдан бош тортмоқда, чунки Байден келаси ҳафта пойгага қайтиши кутилмоқда. Ҳозир у ковиддан даволанмоқда.
Аммо демократлар орасида «ҳамма нарса ўзгариши мумкин» деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Вакиллар палатасининг демократ аъзоларидан бири Камала Харрисни Жо Байденнинг ўрнини эгаллаши керак, деб ҳисобламоқда, чунки «у президент раҳбарлигида кучли кампания олиб бормоқда». CNN манбасига кўра, демократлар учун зудлик билан вице-президент атрофида бирлашиш муҳим бўлади. Бошқа манбанинг айтишича, ҳозир Харрис хонимнинг «президентлик лавозими учун тайёрлиги баҳоланмоқда».
Республикачилар партиясидаги манбанинг айтишича, улар Жо Байден ўрнини Камала Харрис эгаллашидан фойда кўради.