АҚШ Давлат департаменти Конгрессни Исроилга 8 миллиард долларлик қурол-яроғ сотиш ҳақида “норасмий” хабар берди. Шартномага қирувчи самолётлар, ҳужум вертолётлари ва артиллерия ўқлари киради, дея хабар беради Axios вазиятдан хабардор манбага таяниб.
“Президент Исроил халқаро ҳуқуқ ва халқаро гуманитар ҳуқуқ асосида ўз фуқароларини ҳимоя қилиш, Эрон ва унинг ишончли гуруҳлари томонидан тажовузни олдини олиш ҳуқуқига эга эканлигини аниқ айтди. Биз Исроил мудофааси учун зарур бўлган имкониятларни тақдим этишда давом этамиз”, — деди АҚШ расмийси.
Қарор Жо Байден президентлигининг сўнгги кунларида, 20 январ куни Доналд Трамп инаугурацияси олдидан қабул қилинган. 2023-йил 7-октябрда можаро бошланганидан бери Ғазо секторида 45 650 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган бир пайтда АҚШ Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатгани учун танқид остига олинди.