Тошкент шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳокимлик хабарига кўра, шаҳар ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ва туман секторлари раҳбарлари, бош бошқарма ва бошқарма бошлиқлари, ташкилотлар масъуллари иштирок этган мажлисда жорий йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарларига билдирилган жиддий танқид ва эътирозлардан келиб чиқиб, вазифалар белгилаб олинди.
"Президентимиз томонидан қайд этилган барча камчиликлар, аввало, бугунги кунда долзарб бўлган электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишларни бартараф этишга асосий эътибор қаратилди. Бир ҳафта мобайнида барча туманлардаги маҳаллаларда аҳолининг табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, содир бўлаётган узилишларни қисқа вақт ичида бартараф этиш вазифалари белгилаб олинди.
Бунинг учун мутасаддиларга ишга жиддий киришиш, бор имкониятлардан оқилона фойдаланиш, қўшимча кучларни жалб этиш топшириғи берилди", дейилади хабарда.