Бюронинг Учтепа туман бўлими иш юритувидаги ФИБ Учтепа туманлараро судининг 2025 йил 7 июлдаги ижро варақасига асосан, қарздор фуқаро Э.Т.дан ундирувчи — Халқ банки АТ фойдасига 32 032 633 сўм қарз ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати 2025 йил 19 сентябрда давлат ижрочиси М.Мадатованинг иш юритувига келиб тушган ва қарздорга 15 кунлик ихтиёрий муддат берилган.
Белгиланган муддатда қарздорлик тўлиқ қопланмаганлиги сабабли, қарздорга нисбатан мажбурий ижро чоралари қўлланилган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган ва қарздорга тегишли “Leapmotor C16” автотранспорт воситасига тақиқ ва қидирув чоралари қўлланилган.
Натижада, 2025 йил 29 декабрь куни автотранспорт воситаси қидирув натижасида топилиб, жарима майдонига жойлаштирилган. 2026 йил 6 январь куни қарздорлик суммаси тўлиқ ундирилиб, 32 032 633 сўм пул маблағлари ундирувчи банк фойдасига йўналтирилган.