Бангладешда йил бошидан бери данг безгагидан вафот этганлар сони 415 нафарга етди.
Бу ҳақда Жанубий Осиё давлати соғлиқни сақлаш хизмати бош бошқармаси маълум қилди.
Охирги 24 соат ичида мамлакатнинг саккиз нафар фуқароси вирусли иситмадан вафот этди, 1389 нафар бемор шифохоналарга етказилди. Данг касаллигининг асосий манбаи Дакка ва унинг атрофида жойлашган. Мамлакат бўйлаб касалхоналарда касаллик белгилари бўлган 4035 нафар бемор даволанмоқда. 2024 йил 1 январдан бери Бангладешда 79 984 та данг касаллиги қайд этилган.
Бангладешда иситманинг биринчи йирик эпидемияси 2000 йилда содир бўлган ва ўшандан бери касалликдан ўлим даражаси ҳар йили юқорилигича қолмоқда. 2023 йилда иситмадан вафот этганлар сони 1700 кишидан ошди, касалланганлар сони 321 минг кишига етди.
Данг мамлакатда июндан сентябргача муссон мавсумида тарқалади. Республика ҳокимияти чивинларнинг кўпайишини назорат қилиш бўйича кучайтирилган чора-тадбирларига қарамай, ҳозир иситмаси билан оғриган беморлар сони ортиб бормоқда.