Ҳамонки, миллий мафкурани ўрнатмаган эканмиз, аҳоли орасида диний жиҳатдан оқсоқлик, саводсизлик ва тушунмовчилик мавжуд экан, уни тезроқ ва самарали ечиш йўлларини ўйлашимиз зарур. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби алломаларимизнинг том-том китобларини юз минглаб, миллионлаб сўмларга сотилётганида ҳар кимда ҳам уни харид қилиш имкони йўқ.
Мафкура бобида телевидение ва ижтимоий тармоқларнинг таъсиридан унумли фойдаланиш вақти етган. Чунки онгли равишда йўқотилган қишлоқ кутубхоналари, китоб савдоси дўконлари, мажбурий обуна баҳонасида маънавиятсизликнинг зўр бериб ҳимоя қилиниши ўрнини яқин йилларда ҳар қандайига тўлдиришнинг имкони йўқ. Хорижий ёт ғоялар ва фаҳшни тарғиб қилувчи сериаллар, кўнгилочар дастурлар, қимормонанд кўрсатувларга узил-кесил чек қўйиш лозим.
Қолаверса, энг донгдор ёзувчиларимизнинг мана-ман деган асарлари нашр адади 5 минг донадан ошаётгани йўқ. Бу ҳар 6 минг фуқарога биттадан китоб тўғри келади дегани. Китоб ўқимаган миллатдан нимани кутиш мумкин. Ёшларнинг аксариятида мақсад ва миллий ғурур йўқ, савод ҳам ғовлаб турибди, айримлар 12 та ҳарфли исм-шарифини ҳам саккизтагача хато билан ёзади.
Асар ёзгани учун қалам ҳақи масаласини ҳам бир қайта кўриб чиқиш вақти етди. Ўзи, умуман қалам аҳлининг ижтимоий мақоми ва ҳимоясини янги босқичга олиб чиқиш керак. Китоб ўқиган ёшларга автомашина бериляпти-ку, лекин уни ёзган муаллифларнинг аксарияти ҳатто нашрнинг чиқариш ҳаражатларини ҳам ўз ёнидан қоплаётгани учига чиққан мантиқсизликдир.
Ёзувчининг хаёли ва фикри асосан рўзғор ўтказиш ташвиши билан бўлиб, глобал ва улкан фикрлари тамаки тутунидай тарқаб ётибди. Миллатимизда истеъдодлар кам эмас. Агар Навоий ва Бобур ҳазратларининг ҳам хаёли картошка-пиёз топиб келиш қайғусида бўлганида эди бугунгача бетакрор ва бой маънавий мерос бизгача етиб келмаган бўларди. Истеъдодларни, умуман инсонни тириклигида қадрлашни ўрганишимиз керак. Миллат маънавий-мафкуравий таянчлари бўлган Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Тоғай Мурод, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф каби ижодкорлар умри адоғида маънавий ва моддий томондан нечоғли қийланганини барчамиз ҳам яхши билавермаймиз. Юзга кирган Шукруллони ҳам номаълум — қандайдир хатоси (агар у бўлган бўлса) учун давлат томонидан ҳалигача йўқламаймиз. Нима, тирик одамга ҳайкал қўйсак, ёки бирор жой номини берсак-атасак асакамиз кетадими?
Масалан, Карим Баҳриев номидаги Журналистика ва оммавий коммуникациялар институти, деб қўйсак, ярашмайдими? Ёки Шерзод Қудратхўжаев номидаги Ўзбекистон Миллий матбуот маркази, Қуддус Аъзамнинг “Муносабат” кўрастуви, Шунингдек, “Акмал Саидов”, “Абдусаид Кўчимов”, “Хуршид Даврон”, “Ҳайриддин Султонов”, Азим Суюн, “Ҳуршид Дўстмуҳаммад”, “Ғулом Мирзо”, “Бобур Бобомурод”, “Зулфия Мўминова” ва “Ҳосият Рустамова”, “Алишер Усмонов”, “Убайдулла Мингбоев”, “Афзал Рафиқов”, “Низомиддин Маҳмудов”, “Светлана Ортиқова”, “Шерали Жўраев”, “Насиба Абдуллаева”, “Расул Кўшербоев”, “Владимир Норов”, “Жаҳонгир Саримсоқов”, “Одил Аҳмедов”, “Миржалол Қосимов”, “Равшан Эрматов”, “Рустам Қосимжонов”, “Нафиса Мўминова” маҳалласи, кўчаси, спорт иншоати, мусиқа ёки таълим мактаби ёки боғчаси, савдо биноси, марказий бинолар, кутубхоналар, стадионларга шу инсонларнинг номи қўйилса, нимаси ёмон?
Уларни албатта, нотирик бўлишини ва дорулбақога риҳлат қилгачгина кўкларга кўтаришни кутиб ўтириш шарт эмас. Бундай жамият “ядроси” мамлакатимизда минглаб, ўн минглаб топилади. Ахир, бу замонда ёшлар кимни ўзига қаҳрамон, деб билади? Тирик қаҳрамонларсиз, намуна ва фаҳр бўладиган шахсларсиз миллатимиз маънавий-руҳий таянчсиз қолади-ку!
Шундай инсонларни борида, тириклигида улуғласак, ардоқласак, ёшлар ҳам бу шахсларга муносиб бўлишга, ортидан юришга интилади, ўзлари ҳам янада ижтимоий фаол бўлиб, илҳомланиб-руҳланиб олдинга ҳаракат қилади.
Хуллас, коммунистик тузум шарофати ила вужудга келган улкан маънавий бўшлиқ-вакуум, узоқни кўзламасдан бир кечада бу қудратли ва сиёсий элитани бирлаштирган партиянинг тарқатиб юборилиши, номи бор жони йўқ сиёсий партиялар тузилиши ва уларнинг нофаоллиги мафкуравий таназзулни фақат кучайтирди, холос.
Хуршид ДАЛИЕВ,
журналист