Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Ўзбекистонда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
Таклифларни ишлаб чиқишда бешта давлат (АҚШ, Буюк Британия, Таиланд, БАА ва Австралия) тажрибалари ўрганилди.
Жумладан, 2025 йил 1 февралдан бошлаб тунги иқтисодиёт ва туризмни ривожлантиришга қаратилган ишчи гуруҳ ташкил этиш;
- тунги иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар жума ва шанба кунларида дам олиш масканларни 24/7 режимида узлуксиз равишда ишлашини таъминлаш ва тунда фаолият олиб борувчи масканларнинг иш вақти билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш;
- Тошкент шаҳрида туристик салоҳиятга эга ҳудудларни белгилаб ушбу ҳудудларда тунги фаолият зоналарини ташкил қилиш;
- Тунги иқтисодиёт ривожлантирилиши режалаштирилган шаҳарларнинг ҳар бирида жамоат транспортини (автобус, трамвай, метро) 24 соатлик режимга ўтказиш;
- "Тунги Тошкент" электрон платформасини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу платформада тунда фаолият олиб борадиган масканлар, тунги жамоат транспорти йўналишлари ҳамда махсус арзонлаштирилган таклифлар ҳақида маълумот олиш имконини яратиш;
- тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида белгиланган муайян ҳудудларни модернизация қилиш, кўчаларда ёритиш тизимини кучайтириш ҳамда аҳоли ва туристлар учун қўшимча қулайликлар яратиш.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Президентнинг "Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони лойиҳаси ҳамда тунги иқтисодиётни ривожлантириш ва лицензиялар бериш тартибини ислоҳ қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Тошкент шаҳрида тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун биринчи қадам сифатида амалга оширилиши лозим бўлган имкониятлар четда қолиб, бир нечта кўчаларни гастрономик кўчаларга айлантириш чора-тадбирлари билан чекланиб қолинмоқда, дейилади агентлик маълумотида.
Тунда фаолият олиб борадиган мажмуалар (кафе, тунги клуб, музей, спорт мажмуалари ва бошқалар) ҳақида маҳаллий ва хорижий туристлар маълумот олишлари учун электрон платформа яратилмаган.
Тунги вақтларда пойтахтда транспорт хизматига талаб мавжуд бўлиб, бу фақатгина шахсий йўналишсиз такси хизматларининг фаолияти эвазига қондирилмоқда, бироқ тунги режимда хизмат кўрсатувчи жамоат транспорти ҳаракати йўлга қўйилмаган, автобуслар ҳаракати 05:00 дан 23:00 гача, метро ҳаракати эса 05:00 дан 00:00 га қадар хизмат кўрсатиши белгиланган.