Бугун 26 июнь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Ахборот хавфсизлиги ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми

A A A
Ахборот хавфсизлиги ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми

Глобаллашув шароитида айнан ахборот хавфсизлиги халқаро миқёсдаги долзарб масалага айланиб бормоқда. Шу боис кўплаб ташкилотлар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳам бу борада самарали ҳамкорликни таъминлашга интилмоқда. Бу борада қандай қадамлар ташланди? Улар қанчалик муҳим?

Мазкур масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Абдулазиз Расулев фикр билдирди.

Бугунги кунда ахборот деярли ҳар қандай муносабатларнинг асосий элементларидан бирига айланди. Ахборот нафақат маълумот алмашиш ёки одамлар ўртасидаги муносабатлар учун, балки турли мақсадларга эришишнинг самарали “қуроли” сифатида ҳам қўлланилади. Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида ижтимоий тармоқларда сохта хабарлар, туҳмат ёки ҳақоратлар, шахснинг розилигисиз шахсий маълумотларни тарқатиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Шу муносабат билан жисмоний ва юридик шахсларни, шунингдек, давлатни турли ахборот таҳдидларидан ҳимоя қилиш зарурати пайдо бўлди.

Жамият тараққиётининг ҳозирги босқичига хос бўлган глобаллашув жараёнлари ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштириш билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, у кўп жиҳатдан дунё миқёсидаги янги ахборот тизимларини жорий этилиши билан кечмоқда, бу эса жамиятнинг ахборотга боғлиқлигини янада кучайтиради.

Бугунги кунда дунёда 5 миллиардга яқин одам, яъни ер шари аҳолисининг 63 фоизи интернетдан фойдаланади. ШҲТ давлатларида 2 миллиарддан ортиқ киши м азкур халқаро ахборот тармоғидан фойдаланувчи ҳисобланади, бу эса дунё аҳолисининг 27 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 27 миллиондан ортиқ ёки мамлакат аҳолисининг қарийб 80 фоизини ташкил этади.

Технологияни такомиллаштириш нафақат саноат жамиятининг кучайишига, балки янги, илгари номаълум бўлган хавф-хатарлар ва янги таҳдидларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Мутахассисларнинг фикрича, 2021-йилда дунёда киберҳужумлар сони 2020-йилга нисбатан 50 фоизга ошган. Кибержиноятлардан кўрилган зарар 2015-йилда 3 триллион АҚШ долларига тенг бўлса, 2021-йилда бу кўрсаткич икки баробарга ошган. Бундай шароитда ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун яхши мувофиқлаштирилган тизим зарур. Шунинг учун ахборот хавфсизлиги масалалари биринчи ўринга чиқади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллаган ва дунё аҳолисининг ярми истиқомат қилувчи мамлакатларни бирлаштирувчи халқаро платформадир. Шу боис мазкур ташкилот учун ахборот хавфсизлиги масалалари нафақат минтақавий, балки халқаро аҳамиятга эга.

ШҲТ доирасида хавфсизликни таъминлаш масаласи биринчи марта 2009 йилда ҳужжатлаштирилган. Кейин ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим қабул қилинди.

Ушбу Битимда олтита асосий таҳдидлар кўрсатиб ўтилган: 1) ахборот қуролларини яратиш ва қўллаш, ахборот урушини тайёрлаш ва амалга ошириш; 2) ахборот терроризми; 3) ахборот соҳасидаги жиноятчилик; 4) ахборот маконида устун мавқедан бошқа давлатларнинг манфаатлари ва хавфсизлигига зиён етказадиган ҳолда фойдаланиш; 5) бошқа давлатларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тизимларига, маънавий-ахлоқий ва маданий муҳитига зарар етказувчи ахборотни тарқатиш; 6) табиий ва (ёки) техноген хусусиятга эга глобал ва миллий ахборот инфратузилмаларининг хавфсиз, барқарор ишлашига нисбатан таҳдидлар.

Шуниси эътиборга лойиқки, Битимда ушбу тушунчаларга таърифлар берилган бўлиб, бу ташкилот доирасида мувофиқлаштирилган ҳаракатлар муҳимлигини кўрсатади. Келгусида бу масалаларга ШҲТга аъзо давлатлар Давлат раҳбарларининг 2020-йилдаги Қўшма баёнотида аниқлик киритилди ва Ўзбекистоннинг фаол иштирокида ишлаб читқилган ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022-2023-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режасида ўз аксини топди.

ШҲТ давлатларининг тажрибаси халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг универсал қоидаларини қабул қилиш зарурлигини кўрсатди. Бу ташаббус ШҲТ ташкилотига аъзо давлатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган бўлиб, 2015-йил 9-феврал куни Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакиллари номидан БМТ Бош котиби номига ахборот хавфсизлигини таъминлаш доирасидаги универсал хулқ-атвор қоидаларини қабул қилиш таклифини ўз ичига олган мактуб йўлланган.

Ахборот хавфсизлигини та’минлаш соҳасида халқаро тартибнинг асосини айнан ана шу универсал қоидалар ташкил қилиши керак деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2025-йилгача бўлган ривожланиш стратегиясида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Ҳужжатда қайд этилишича, ташкилот БМТда “Халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида хулқ-атвор қоидалари”ни қабул қилишга қатъият билан интилади ва келажакда Ахборот коммуникация технологиялари соҳасини тартибга солишининг ягона халқаро қоидаларини шакллантириш юзасидан, шунингдек аъзо давлатларнинг тегишли мутахассислари малакасини ошириш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиради.

Самарқандда бўлиб ўтадиган саммит доирасида ҳам ШҲТ маконида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш шароитида ахборот ва киберхавфсизлик соҳасидаги таҳдидларга қарши кураш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Киритилди: 12:04 07.09.2022. Ўқилди: 2886 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!