2025 йил 1 августдан бошлаб чиқинди хизмати учун қарзи мавжуд абонентларга электр энергияси учун тўловни амалга ошириш вақтинча чекланади. Бу “Чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган” 1044-сонли Қонунга асосан жорий этилмоқда.
Янги тартибга кўра, ҳар ойнинг 3-санасигача қарздорлар рўйхати “Toza makon” электрон тизими орқали “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга юборилади. Кейин эса 5-санасига қадар абонентларга “2100” қисқа рақами орқали SMS орқали огоҳлантирув хабари юборилади.
Огоҳлантирувдан сўнг қарзни бартараф этиш учун 5 кун муҳлат берилади. Агар шу муддат ичида қарз тўланмаса, абонент электр энергияси учун тўловни амалга ошира олмайди. Қарз тўланганидан сўнг чеклов автоматик равишда бекор қилинади.
Ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача йиғилган қарзларга тааллуқли эмас. Қарзлар саноқ ва аниқ ҳисоб-китоб учун масъулият санитар тозалаш корхоналари зиммасида. Хизмат ўз вақтида ва сифатли кўрсатилмаса, кўрсатилмаган кунлар учун қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Чиқинди хизматига оид таклиф ва шикоятлар бўйича “1205” қисқа рақамига 24/7 режимда мурожаат қилиш мумкин.