22–23-сентябрь кунлари Боку шаҳри Президент Илҳом Алиев ташаббуси билан Биринчи Озарбайжон Халқаро Инвестиция Форуми (AIIF 2025)га мезбонлик қилди. Форумга “Бўлинган глобал иқтисодиётда Шарқ–Ғарб ва Шимол–Жануб алоқаларини мустаҳкамлаш” мавзуси танланди. Унда Хитой, Туркия, Россия, Исроил, БАА ҳамда Австралия каби давлатлардан 250 дан ортиқ вакиллар қатнашди. Бу Озарбайжон томонидан ўтказилаётган энг йирик инвестиция анжуманларидан биридир.
Форум доирасидаги муҳокамалар турли йўналишларни қамраб олди: транспортдан тортиб логистика, энергетика, инфратузилма, инновациялар ҳамда яшил технологияларгача – бари муҳокама қилинди. Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микайил Жаббаровнинг маълумотига кўра, форум давомида қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳалари бўйича ҳужжатлар имзоланди. Варизнинг таъкидлашича, Озарбайжон хорижий капитал учун очиқлигини, барқарор иқтисодий муҳитини ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун ишончли ҳамкор сифатидаги ўрнини намойиш этиб улгурди. Шундан 7 миллиард доллардан ортиғи нефт-газдан холи лойиҳаларга йўналтирилиши режалаштирилган бўлиб, бу иқтисодиётни диверсификация қилиш, технологияларни тезкор трансфер қилиш ва умумий фаровонликни оширишга замин ҳозирлайди.
Форум Шарқ ва Ғарб чорраҳасида жойлашган мамлакатлар учун инвестиция имкониятларини ўрганиш, глобал савдо ва барқарор таъминот занжирлари истиқболини муҳокама қилиш майдони бўлди. Иштирокчилар янги глобал рақобатбардошлик парадигмалари ҳақида қимматли билимлар олиш билан бирга, юқори даражадаги алоқалар ўрнатиш, стратегик келишувларга эришиш ва янги ҳамкорликларни шакллантириш имконига эга бўлдилар. Мутахассисларнинг фикрича, Озарбайжон хорижий инвестициялар учун очиқ ва барқарор иқтисодий муҳитни, ўзининг стратегик лойиҳаларининг аҳамиятини ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик учун ишончли шерик сифатидаги мавқеини яна бир бор исботлади.
AUICнинг иштироки Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим рол ўйнайди. Бу эса уларнинг қўшма иқтисодий ташаббусларга содиқлигини ифодалайди.