Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларининг ҳаётини йиллардан, йилларни ойу кунлардан иборат қилиб яратди. Кунларни ҳам турли вақт бўлакларига ажратиб, бир вақтни бошқасидан фазилатлироқ ва баракалироқ қилиб қўйди. Шундай муборак ойларнинг энг фазилатлиларидан бири муҳаррам ойи, бу ойда иймон эгалари ғанимат билмоқлари керак бўлган энг улуғ кун эса ашуро кунидир. Ашуро куни муҳаррам ойининг 10- куни бўлиб, бу йил милодий ҳисобда 20 сентябрга тўғри келади.
Имом Муслим “Саҳиҳ“ларида ривоят қилинган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Рамазон ойидан сўнг энг яхши рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намозларидан сўнг энг яхши намоз тунги намоздир“.
Ушбу ҳадисдан тушуниладики, нафл рўзалар ичида энг савоби улуғи муҳаррам ойи рўзасидир.
Тобеинлардан Абу Усмон Ан Наҳдий айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари учта 10 кунни улуғлар эдилар: рамазоннинг сўнгги 10 куни, зулҳижжанинг дастлабки 10 куни ва муҳаррам ойининг дастлабки 10 куни“.
Имом Бухорий ва Имом Муслим саҳиҳларида ривоят қилинган ҳадисда Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: “Бу - яхши кун, бу Аллоҳ бани Исроилни душманларидан халос қилган кундир. Мусо бу кунда рўза тутган ва биз Мусога ҳақлироқмиз“ дедилар ва саҳобаларни Ашуро куни рўза тутишга буюрдилар.
Ҳадисдан маълум бўладики, бу улуғ кун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва қавмини Фиръавн қўшинидан қутқарган, иймон эгаларини куфр эгалари устидан ғолиб қилган кундир.
Имом Муслим Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини айтганлар. Аллоҳу акбар! Бу қандай буюк кунки, ундаги бир кунлик рўза бир йиллик гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлса! Бундай катта имкониятни, озроқ ҳаракат билан бундай катта натижага эришиш фурсатини оқил одам қўлдан бой берармиди?!
Ашуро рўзасини тутмоқчи бўлган киши 9- ва 10- кунлари (ашуро куни ва ундан олдинги бир кунда) рўза тутмоғи энг афзалидир. Зеро, имом Муслимнинг саҳиҳларида Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар кейинги йилгача яшаб турсам, 9- куннинг ҳам рўзасини (Ашуро билан қўшиб) тутган бўлардим.” Агар 9-, 10- ва 11- кунлари ёки 10- ва 11- кунлари рўза тутса, ёҳуд 10-нинг ўзида тутса ҳам ҳадисларда келган улкан ажрларни олади, иншааллоҳ. Имом Мулла Алий Қорий роҳимаҳуллоҳ муҳаррамнинг кўпроқ кунларида рўза тутиш афзал эканини айтиб, бироқ ушбу ойнинг ҳар куни рўза тутиш бошқа ҳадисларга зид эканини айтганлар.
Эй мўмин биродарлар, тижоратларда оқил бўлганимиз каби ибодатларда ҳам оқил ва ҳикматли бўлайлик. Аллоҳ Таоло фазли ва раҳмати билан баъзи кунлар ва соатларга ажру савоблар хазиналарини тақсимлаб, Жаннатга ошиқ мўминлар учун бу ғанимат вақтларни икки дунё саодатига эришишлари имконияти ўлароқ туҳфа қилди. Бундай муборак кунни ғанимат билайлик ва унда хайрли ишларга, хусусан, рўза тутиб, дуолар қилиб қолишга шошилайлик.
Унутмайликки, тадаббур ва тафаккур эгалари учун бу куннинг фазилатли бўлишига сабабчи бўлган пайғамбарлар тарихларида улкан ҳикматлар бор. Бу кунларда рўза тутишимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу кунда рўза тутишларига сабабчи бўлган Мусо алайҳиссалом ҳаётларидан бир қиссани эсласак.
Фиръавнга фолбинлари бани Исроилдан чиққан гўдак унинг салтанатини вайрон қилиб юборишини айтдилар. У ўз аскарларига бани Исроилда туғилган ҳар бир гўдакни ўлдиришни буюрди. Фиръавннинг золим қўшини ҳар бир гўдакни онаси қўлидан тортиб олиб, сўйиб юбораётган бир пайтда дунёнинг башариятга маълум қоидаларига кўра Мусонинг ўлими муқаррар бўлиб қолганди. Бироқ бандалар режа тузаверадилар, Аллоҳнинг режаси бор. Аллоҳнинг қадари бандаларнинг режаларини йўқ қилиб юборишини золимлар билмайдилар. Мусонинг онаси ўз гўдагини қандай қилиб Фиръавн зулмидан қутқариб қолишини ўйлаб изтиробда турган бир пайтда Аллоҳ унга жажжи чақалоғини дарёга улоқтиришни буюрди. Дунёнинг инсониятга маъқул бўлган қоидаларига кўра бу ечим ақлсиз ва мантиқсиз кўринади. Она Фиръавннинг олдига бориб, боласига шафқат қилишини сўраб ёлвориши, қочишга - яширинишга уриниши ёки аскарлардан ўтиниб, гўдагини истисно ўлароқ тирик қолдиришларига кўндиришга уриниши инсон ақлига тўғри келадиган ечимлардир. Бироқ сувга отиб юбориш дунёнинг қоидаларини четга суриб, холис Аллоҳга чинакам таваккул қилиш эди. Мусо алайҳиссаломнинг оналари айнан шундай қилдилар. Чақалоқ оқиб бошқа шаҳарга кетмади, минглаб бошқа оилалар эмас, айнан уни ўлдиришни истаган Фиръавнга оиласига бориб қолди. Аллоҳнинг ишлари нақадар гўзал ва ҳикматли! Аллоҳнинг қўшинини Унинг Ўзидан бошқа биров билолмайди. Аллоҳ Фиръавн ва аёли қалбига гўдакка нисбатан муҳаббатни солиб қўйди. ”Кўзимизнинг қувончи“ деди Фиръавннинг аёли. Гўдакни эмизиш учун аёллар келганда гўдак ҳеч кимни эммади. Юзлаб гўдакларни ўлдираётган оила энди ўзлари ўлдиришни хоҳлаган гўдакни севиб, унинг инжиқлигига қул бўлиб, унга у эмадиган аёлни топиш учун бутун шаҳарни оёққа турғизишди. Аллоҳнинг уларга қарши “қўшини“ муҳаббат бўлди. Гўдакни севиб, унинг инжиқлигига бўйсунган Фиръавн оиласи барча аёлларни гўдакни эмизишга уриниб кўриш учун чорлар экан, ва ниҳоят навбат Мусонинг онасига келди. Аллоҳнинг қадари билан гўдак ўз онасини эмди ва Аллоҳ ваъдасини бажариб, ўлим хавфида сувга улоқтирилган гўдакни бир кунда ўз онасига барча хавфдан айнан уни ўлдирмоқчи бўлган золим душманлар томонидан ҳимоя қилинган ҳолда қайтарди. Аллоҳнинг тадбири қандай ҳам гўзал!
Бу қиссада ақл эгалари учун чексиз ҳикматлар бор! Бугунги муаммолар кўпайган, дунё ишлари қалбларни маҳзун қилган кунларимизда асло унутмайликки, бирор дарахт барги Аллоҳнинг иродасисиз ерга тушмайди. Қоронғу тунда улкан саҳронинг қоқ ўртасида заррадек бир ҳашаротнинг қанот қоқишини Аллоҳ ёзиб қўйган ва билиб туради. Гоҳида муаммоларнинг ечими биз кутган шаклда, биз кутган йўллар билан бўлмай, Аллоҳ ҳар бир ишга энг гўзал хотималарни тайёрлаб қўйган бўлади. Банданинг иши эса Аллоҳга ихлос билан дуо ва таваккул қилиш, Аллоҳ қодир қилганича хайрли – савобли амаллар билан яшаб, мўмин ҳолида омонатини топширишдир.
Аллоҳ барчамизни хайрли ишларга муваффақ қилсин! Юртимизни исломобод қилсин! Бухорийлар, Термизийлар фақатгина ўтмишимиз эмас, келажагимиз ҳам бўлмоғини насиб айласин!
Ашуро кунини биз учун барокотли қилсин!
Маҳмуд УСМОН
Мадина Ислом университети талабаси