AҚШнинг Колорадо штатидаги Sunset Mesa дафн маросими уйи эгалари 46 ёшли Меган Хесс ва унинг 69 ёшли онаси Ширли Кох ўлганларнинг тана аъзоларини сотганлари учун мос равишда 20 ва 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Иш материалларига кўра, 2010 йилдан 2018 йилгача аёллар марҳумнинг яқинларининг розилигисиз бир неча юзлаб жасадни бўлаклаб, қисмларини сотиб юборган. Хесс, дафн маросимидан ташқари, Donor Services деб номланган ташкилотни бошқарган, у орқали тана аъзолари фан ва таълимда фойдаланиш учун ноқонуний равишда сотилган. Хусусан, Хесс ва Кох илм-фанда фойдаланиш учун бош, қўл ва умуртқа поғонасини сотган.
Ҳаммаси бўлиб, улар 560 та жасадни қисмларга бўлиб ташлашган, баъзида қариндошларидан органлардан фойдаланишга рози бўлганликларини сўрамасдан, ҳатто баъзида тўғридан-тўғри рад жавобини олишган. Компания ўзи амалга оширмаган кремация учун мижозлардан 1000 долларгача пул ундирган ва 200 дан ортиқ оила ўз яқинларининг кулини бошқаларнинг қолдиқлари билан аралаштириб олган.
Шу билан бирга, Aдлия вазирлигининг аниқлик киритишича, айбланувчилар нафақат марҳумнинг яқинларини, балки харидорларни ҳам алдаган – масалан, айрим органлар ОИВ ёки гепатит Б ва С вируси билан касалланган шахсларга тегишли эканлигини улардан яширган.
Иккала аёл ҳам фирибгарликда айбини тан олди. Шу билан бирга, Хесс судда гапиришдан бош тортди, онаси тавба қилди ва ўз қилмиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёрлигини айтди.