АҚШда кучли қор бўрони натижасида миллиондан ортиқ уй электрсиз қолди, минглаб рейслар бекор қилинди — Deutsche Welle.
Қўшма Штатларнинг катта ҳудудларига кенг кўламли қишки бўрон ёпирилиб, музли ёмғир, ҳўл қор ва кучли совуқ сабабли транспорт қатнови издан чиқди.
АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати (NWS) маълумотига кўра, хавфли об-ҳаво шароитлари камида 26 январгача давом этади.
Дарахтлар ва электр узатиш тармоқларининг музлаши оқибатида мамлакатнинг жануби-шарқий штатларида бир миллионга яқин уй-жой ва корхона электр таъминотисиз қолди. Энг кўп узилишлар Теннесси, Луизиана, Миссисипи ва бошқа штатларда қайд этилган. Расмийларга кўра, электр энергиясини тўлиқ тиклаш бир неча ҳафта вақт олиши мумкин.
Синоптиклар кучли қор ёғиши ва “катастрофик даражадаги музлаш” хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп ўнлаб штатларда фавқулодда ҳолат режимини жорий этишни маъқуллади. Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг билдиришича, хавф зоналарига олдиндан махсус техника, мутахассислар ва қидирув-қутқарув гуруҳлари юборилган.
Бўрон авиация қатновига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. FlightAware хизмати маълумотларига кўра, якшанба куни қарийб 11 мингта рейс бекор қилинган, 14 мингдан ортиқ рейс кечиктирилган. Энг мураккаб вазият Филаделфия, Вашингтон, Нью-Йорк ва Нью-Жерси аэропортларида кузатилмоқда.
Шунингдек, экстремал совуқ сабаб Луизиана ва Нью-Йорк штатларида совуқ уриши билан боғлиқ ўлим ҳолатлари қайд этилгани маълум қилинди. Расмийлар аҳолига зарур бўлмаган сафарлардан воз кечиш ва хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни тавсия қилмоқда.