АҚШ вице-президенти Вэнс Маскни ўз партиясини тузиш фикридан қайтарди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.
"Илон Маск ўз партиясини тузиш масаласига жиддий ёндашган. Вице-президент Жей Ди Вэнс ва унинг атрофидагилар янги партия тузилиши 2026 йилги оралиқ сайловларда ҳамда кейинги йилларда Республикачиларга зарар етказишидан хавотир билдирган. Жей Ди Вэнс Илон Маскнинг иттифоқчиларини унга босим ўтказиб, ушбу ғоядан воз кечишга ундашга чақирган", дея хабар бермоқда нашр манбаларига таяниб.
Кейинчалик Жей Ди Вэнс Илон Маскка яқин бўлган Жаред Айзекман номзодини NASA раҳбари лавозимига тайинлаш учун ҳаракат қилган. Айзекман декабр ойида космик агентлик раҳбари этиб тайинланган.
Вэнснинг бир неча ой давом этган ҳаракатлари ўз самарасини берган. Янги партия тузишдан воз кечган Маск ноябр ойида Оқ уйда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон шарафига уюштирилган кечки овқатда иштирок этган. Шунингдек, консерватор Чарли Киркнинг ўлдирилиши Маскни оралиқ сайловларда Республикачилар партиясининг кампаниясини қўллаб-қувватлашга ундаган.