Бугун 14 август, 2026 йил, жума

O'ZB

АҚШ Ўзбекистон ва Қозоғистонни ҳам божларни четлаб ўтишда Хитойга ёрдам берганликда айблади

АҚШ Ўзбекистон ва Қозоғистонни ҳам божларни четлаб ўтишда Хитойга ёрдам берганликда айблади

АҚШ 40 дан ортиқ давлатни, жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистонни ҳам божларни четлаб ўтишда Хитойга ёрдам берганликда айблади.

Бу ҳақда Америка ҳукуматининг “Юкларни қайта ортиш бўйича катта фирибгарлик” номли ҳисоботида маълум қилинди. Ҳисобот муқовасига “Троя оти” расми жойлаштирилган.

Ҳужжатга кўра, Хитой ўз маҳсулотларини божлар арзонроқ бўлган мамлакатлар орқали ўтказиб, Қўшма Штатларнинг юқори божхона тўловларини четлаб ўтган. Хитой маҳсулотларига арзимаган ишлов бериш, уларни қайта маркалаш, қадоқлаш ёки бошқа кичик ўзгартиришлар киритиш учун учинчи мамлакатлардан фойдаланган. Шу тариқа, маҳсулотлар гўёки Хитойда ишлаб чиқарилмагандек кўрсатилиб, юқори божлардан холи бўлган.

Ҳисоботда “фирибгарлик иштирокчилари” учта тоифага бўлинган:

1-тоифага йирик етакчилар киради. Улар қаторидан Канада, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Исроил, Япония, Мексика, Жанубий Корея ва Тайван ўрин олган.

2-тоифага Хитой билан сезиларли иқтисодий интеграцияга эга йирик етакчилар киритилган. Бразилия, Индонезия, Малайзия, Таиланд, Туркия ва Вьетнам шулар жумласидандир.

3-тоифада АҚШ бозорига имтиёзли кириш имкониятига эга ёки божхона назорати чекланган давлатлар жой олган. Хитой бу давлатлардаги арзон ишчи кучи, эркин иқтисодий зоналар, порт ва чегара ҳудудларига кириш имконияти, божхона омборлари ва махсус йиғиш қувватларидан фойдаланиш афзалликларига эга.

Буларга Аргентина, Озарбайжон, Бангладеш, Камбоджа, Чили, Колумбия, Коста Рика, Доминикан Республикаси, Грузия, Иордания, Қозоғистон, Кения, Лаос, Марокаш, Мянма, Уммон, Панама, Перу, Филиппин, Сингапур, Шри Ланка, Швейтсария, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон киради.

Шунингдек, ҳисоботда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия Хитойнинг “Бир макон — бир йўл” ташаббуси доирасидаги қуруқликдаги транзит йўналишлари учун муҳим логистика нуқталари сифатида кўрсатилган.

"Асосий сценарийга кўра, йилига 75 миллиард долларлик юкларни ноқонуний қайта юклаш натижасида қарийб 450 минг иш ўрни йўқотилади. Бунинг оқибатида федерал даромадлар 19 миллиард доллардан 26 миллиард долларгача камаяди", дейилади ҳужжатда.

Киритилди: Бугун 20:55. Ўқилди: 268 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!