Туркия 21 сентябрдан Эроннинг хусусий "Mahan Air" авиакомпаниясига мамлакат аэропортларида хизмат кўрсатишни тўхтатади. Қарор АҚШ томонидан мазкур авиакомпания билан ҳамкорлик қилган қатор турк компанияларига нисбатан санкциялар жорий этилганидан кейин қабул қилинди.
Янги тартиб "Mahan Air"нинг Эрон ва Туркия ўртасида амалга оширадиган барча рейсларига тааллуқли бўлади.
АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси аввалроқ Эрон авиация соҳаси билан боғлиқ компаниялар, жумладан, ер усти хизматлари, юк ташиш, эҳтиёт қисмлар етказиб бериш ва бошқа хизматларни кўрсатувчи тузилмаларга нисбатан янги чекловлар эълон қилган эди.
Санкциялар доирасида хорижий компанияларга Эрон ташкилотлари билан ҳамкорликни тўхтатиш учун муайян муддат берилган. Шу билан бирга, ҳамкорликни давом эттирган учинчи давлат компаниялари ҳам жазо чораларига дуч келиши мумкинлиги билдирилган.
Хусусан, Туркиянинг "S Sistem", "Mes Cargo" ва "Sky Phoenix" компаниялари "Mahan Air"га эҳтиёт қисмлар етказиб бериш, авиачипталар савдоси ҳамда самолёт хариди билан боғлиқ операцияларда кўмаклашгани сабаб санкциялар рўйхатига киритилди.
Туркия расмийлари ушбу ҳолат "Mahan Air"га мамлакат ҳудудида хизмат кўрсатувчи бошқа маҳаллий ташкилотлар учун ҳам молиявий хавф туғдиришини таъкидламоқда. Аэропорт операторлари, ерда хизмат кўрсатувчи компаниялар, чипта сотувчилари ва банклар ҳам АҚШ чекловлари таъсирига тушиб қолиши мумкин.
Анқара шу билан бирга Эрон билан амалдаги авиация келишувлари, парвозлар хавфсизлиги ва маҳаллий компанияларни эҳтимолий санкциялардан ҳимоя қилиш масалаларини ҳисобга олган ҳолда бошқа авиакомпаниялар билан боғлиқ вазиятни ҳам ўрганиб боради.
Истанбул ва Теҳрон ўртасида бир кунда камида учта рейс амалга ошириб келган "Mahan Air" Ўмон ва Грузия йўналишларидаги парвозларини ҳам тўхтатишини маълум қилди.