АҚШ Молия вазирлиги 15 январь куни Қирғизистоннинг “Керемет Банк”ига қарши санкциялар жорий этди. Банк Россияга қарши чекловларни четлаб ўтишда кўмаклашганликда айбланмоқда.
Маълум қилинишича, камида 2024 йилнинг ёзидан бери бу банк ўз фаолиятини Россия мансабдор шахслари ва “Промсвязбанк” билан мувофиқлаштирган. Санкцияларни четлаб ўтиш схемаси доирасида “Керемет Банк” “Промсвязбанк” номидан трансчегаравий пул ўтказмаларини амалга оширган. Иккинчи банк Россиянинг мудофаа секторида ишлаётгани сабабли 2022 йилда унга қарши санкциялар жорий қилинганди.
“Банк Россия ҳарбий-саноат базаси корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш учун миллиардлаб доллар ажратган”, деганди АҚШ Молия вазирлиги.
2024 йилда Қирғизистон Молия вазирлиги “Керемет Банк”нинг назорат пакетини “Россия ҳукумати билан алоқадор бўлган рус олигархига яқин” фирмага сотди. Вазирлик фирма номини маълум қилмади. Америка идораси таъкидлашича, “Керемет Банк”ни сотиб олиш Россия учун санкцияларни четлаб ўтиш ва импорт-экспорт тўловларини амалга оширишда махсус марказ ташкил этиш мақсадида амалга оширилган.
АҚШ Давлат департаменти 150 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга, жумладан, Россия мудофаа саноатининг кенг доирасидаги компанияларига қарши санкциялар жорий этмоқда. Янги чекловлар жами 15 та молиявий ташкилот ва 1 та жисмоний шахсни қамраб олди. Улар Россия ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлаш учун санкцияларни четлаб ўтишда айбланмоқда.