АҚШ президенти Исроил ва Ҳизбуллоҳ Ливанда ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини маълум қилди.
Жо Байден бу ҳақда Исроил ва Ливан бош вазирлари билан суҳбатдан сўнг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Қўшма Штатлар президенти, шунингдек, келишув шартларини баён қилган мурожаат билан чиқди.
Унга кўра, ҳужжат 27 ноябр куни маҳаллий вақт билан соат 4:00 да кучга киради ва 60 кун ичида Исроил Ливан ҳудудидан қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетади. Байденнинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Франция ва бошқа давлатлар билан биргаликда можаро томонларига "тинчлик келишувини амалга ошириш учун зарур ёрдамни тақдим этади".
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг идораси мамлакат ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси Ливанда ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифни маъқуллаганини тасдиқлади.