Қўшма Штатлар Олий суди Бостон округ судининг ноқонуний муҳожирларни учинчи давлатларга депортация қилишни тўхтатиш ҳақидаги қарорини бекор қилди.
Мамлакат ички хавфсизлик вазирлиги суднинг бу қарорини олқишлади. Вазирлик Олий суд қарорини "Америка халқининг ҳимояси ва хавфсизлиги учун ғалаба" дея баҳолади.
"Энди ходимларимиз ҳужжатлари бўлмаган муҳожирларни “уларни қабул қилишга тайёр бўлган мамлакатлар”га депортация қилишлари мумкин", дейилади АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги баёнотида.
Ноқонуний иммиграцияга қарши кураш Трампнинг асосий сайловолди ваъдаларидан бири эди. Тhe Washington Post газетасининг хабар беришича, президент бир йил ичида Қўшма Штатлардан 1 миллион муҳожирни депортация қилишни режалаштирмоқда.