АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Мудофаа вазири Ллойд Остин Ғазо секторидаги гуманитар вазият туфайли Исроилга қурол эмбаргоси жорий этиш билан таҳдид қилишди . Бу ҳақда Реутерс агентлиги Америка расмийлари мактубига таяниб хабар бермоқда.
«Биз ҳозир АҚШ ҳукуматининг Ғазодаги гуманитар вазиятнинг ёмонлашувидан чуқур хавотирини таъкидлаш учун ёзмоқдамиз », — дейилади мактубда. Қайд этилишича, Блинкен ва Остин вазиятни тузатиш учун Исроилга бир ой вақт берган.
Хабар қилинишича, АҚШнинг юқори мартабали расмийлари 13 октабр куни Исроил стратегик режалаштириш вазири Рон Дермер ва мудофаа вазири Ёав Галантга мактуб топширган. Вашингтон сентябрь ойида Ғазога гуманитар ёрдам етказиб бериш камайганидан хавотир билдирди.