АҚШ ҳукумати «Green card» лотереясида иштирок этишни пулли қилиб, ҳар бир ариза учун 1 доллар тўлов белгиланди.
АҚШ Давлат департаментининг расмий ҳужжатига кўра, эндиликда Diversity Visa («Green card») лотереясида иштирок этиш истагидаги шахслар ариза топшириш вақтида онлайн тарзда 1 доллар тўлашлари лозим бўлади. Янги талаб жорий мавсумдан амал қилади.
Мазкур ўзгариш лотерея жараёнини самарали ташкил этиш ва система орқали асоссиз аризалар сонини камайтириш мақсадида жорий этилгани таъкидланмоқда. Шу билан бирга, Давлат департаменти тўлов миқдори барча қатламдаги фуқаролар учун мутлақо арзон ва осон тўланадиган қилиб белгиланганини қайд этган.
«Green card» лотереяси ҳар йили миллионлаб аризаларни қабул қилади. Унинг ғолиблари АҚШда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлади. Мутахассислар фикрича, тўловнинг киритилиши асоссиз ва кўп сонли аризаларни қисқартиради, аммо талаб юқори бўлгани учун катта ўзгаришлар кутилмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ноиммиграцион визалари учун фуқароларга катта чеклов қўйганлиги ҳақида хабар берган эдик. Унга кўра, хориж фуқаролари ноиммиграцион визалар, жумладан, B1/B2 сайёҳлик визаси учун аризани фақат ўз фуқаролиги ёки доимий яшаш ҳуқуқига эга мамлакатда топшириши мумкин.