Қўшма Штатлар Тожикистон ва Россия фуқароси Алишер Домулложоновни Эрон учун қурол сотиб олишга кўмаклашганликда гумонлаб, санкциялар рўйхатига киритди.
Central Asia хабар беришича, унинг исми АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) сайтида 4 ноябрь куни эълон қилинган.
OFAC маълумотларига кўра, Домулложонов 1989 йил 29 ноябрда Душанбе шаҳрида туғилган. Ҳозирги яшаш манзили сифатида Россиянинг Москва вилояти Раменский туманидаги Хрипань қишлоғи кўрсатилган.
«Озодлик» радиосининг хабар беришича, АҚШ Давлат департаменти Домулложонов Эрон учун кўчма зенит-ракета мажмуаларини (МАНПАДС) сотиб олишга кўмаклашганини билдирган.
Шу қарор доирасида Беларусда рўйхатдан ўтган Armory Alliance компанияси раҳбари Муҳаммад Али Толибов ва Нигериянинг Vanguard Tactical Supply Limited компаниясига ҳам чекловлар киритилган. Уларнинг иккаласи ҳам аввалроқ АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган бўлиб, 4 ноябрь куни уларнинг профилига Эрон қуроллари билан боғлиқ қўшимча белгилар киритилган.
АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, Armory Alliance Хитой компаниялари ва Эрон ўртасида воситачилик қилган ҳамда юзлаб МАНПАДС харидини ташкил этишга уринган. Vanguard Tactical Supply эса Хитойда ишлаб чиқарилган тизимларни Теҳронга етказишга кўмаклашган.
Вашингтон янги санкциялар Эроннинг ҳарбий салоҳиятини тиклашга қаратилган таъминот тармоқларини издан чиқаришга қаратилганини билдирган.
Чекловлар доирасида санкцияга тушган шахсларнинг АҚШ юрисдикциясидаги активлари ва мулкий манфаатлари музлатилади. Америка фуқаролари ва компанияларига улар билан молиявий операциялар ўтказиш тақиқланади. Шунингдек, санкцияланган шахслар бевосита ёки билвосита камида 50 фоиз улушга эга бўлган ташкилотларга ҳам ушбу чекловлар татбиқ этилади.