Бугун 22 сентябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

АҚШ Эрон билан урушга 38 миллиард доллар сарфлади

АҚШ Эрон билан урушга 38 миллиард доллар сарфлади

АҚШнинг Эронга қарши олти ойлик уруши мамлакатга 38 миллиард долларга тушган. Бу ҳақда Reuters Конгресс бюджети бошқармаси маълумотларига таяниб хабар берди.

Бошқарма ҳисоб-китобларига кўра, уруш харажатлари ойига яна 3 миллиард долларга ошиши мумкин. 1 август ҳолатидаги баҳолашга кўра, можаро 2027 йилнинг дастлабки уч ойида АҚШда инфляция даражасининг 0,5 фоизга ошишига олиб келиши мумкин.

Харажатларнинг катта қисми ўқ-дорилар захирасининг тез камайиши билан боғлиқ. Бюджет бошқармаси захираларни тиклаш беш йилгача вақт олиши мумкинлигини тахмин қилган. Август ойида Reuters АҚШ узоқ масофага учувчи аниқ бошқариладиган ракеталар захирасининг «деярли барчаси» ишлатилганини хабар қилган эди.

Мутахассислар муҳим ўқ-дорилар, жумладан, ракеталарни ушлаб қолувчи воситалар танқислиги янги йирик можаро юзага келган тақдирда Пентагоннинг жавоб чораларини чеклаши мумкинлигини билдирган.

Уруш харажатлари энергия нархларининг ошишига, федерал бюджетга босимнинг кучайишига ва АҚШнинг молиявий аҳволи ёмонлашишига олиб келмоқда. Август ойида мамлакатнинг умумий давлат қарзи 40 триллион доллардан ошган.

Шу билан бирга, ҳисоб-китобларга Ҳурмуз бўғозида тижорат кемаларига қилинган сўнгги ҳужумлар, минтақадаги АҚШ ҳарбий объектларига зарбалар ва урушни қарз ҳисобидан молиялаштириш харажатлари киритилмаган. Бу омиллар умумий харажатларга яна ўнлаб миллиард доллар қўшиши мумкин.

Оқ уй матбуот котиби Анна Келли АҚШ ҳарбийлари Бош қўмондон Дональд Трампнинг стратегик мақсадларига эришиш учун етарли миқдорда ўқ-дори ва бошқа таъминот воситаларига эга эканини айтди.

Пентагон матбуот котиби Шон Парнелл ҳам ўқ-дорилар танқислиги ҳақидаги хабарларни рад этиб, АҚШ президенти белгилаган вақт ва жойда зарба бериш учун зарур имкониятларга эга эканини таъкидлади.

Уруш харажатлари бўйича текширув АҚШ Вакиллар палатаси Бюджет қўмитасидаги юқори лавозимли демократ, Пенсильвания штати вакили Брендан Бойл сўровига кўра ўтказилган.

«Инсоний талафотлардан ташқари, Конгресс бюджети бошқармасининг ушбу холис ҳисоботи уруш Америка солиқ тўловчиларига ўнлаб миллиард долларга тушганини ва харажатлар ўсишда давом этаётганини аниқ кўрсатмоқда», — деди Бойл.

Эрон билан урушда 18 нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Дональд Трамп Эрон билан урушни 2001 йил 11 сентябрдаги террорчилик ҳужумларидан кейин АҚШнинг Ироқ ва Афғонистонга ҳарбий аралашуви билан таққослаб келади. Reuters маълумотларига кўра, АҚШнинг Ироқдаги саккиз йиллик уруши 2 триллион долларга, Афғонистондаги 20 йиллик можаро эса 2,3 триллион долларга тушган.

Киритилди: 19:31 16.09.2026. Ўқилди: 997 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!