Виржиния штатининг Шарқий округи АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходимини махфий маълумотларни тўплаш ва Хитой разведка хизматларига узатгани учун тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Бу ҳақда суд материалларида айтилган.
Тергов аниқлаганидек, 42 ёшли Майкл Чарльз Скина интернетда ўзини халқаро консалтинг компаниялари ходимлари сифатида таништирган одамлар билан танишган. 2022 йилнинг апрель ойидан бошлаб у турли электрон платформалар орқали улар билан боғланиб, пул компенсацияси эвазига махфий маълумотларни уларга узатган.
АҚШ Адлия вазирлигининг ҳисоботида таъкидланганидек, Скина суҳбатдошлари ХХР ҳукумати манфаатларини кўзлаб иш тутаётгани тўғрисида етарлича аниқ сигналларни олганидан кейин ҳам улар билан мулоқот қилишни давом эттирди.