Қўшма Штатлар Афғонистон ички ишлар вазири Сиражуддин Ҳаққонийнинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот пулини бекор қилди.
Бу ҳақда Ariana News ёзмоқда.
"Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Ҳаққонийга яқин манбалар журналистларга АҚШ ҳукумати Ислом Амирлигидаги бир қанча амалдорларга бериладиган мукофотларни бекор қилганини айтди", — дейилади мақолада.
Қайд этилишича, энди рўйхатда йўқ бўлганлар орасида Сиражуддин Ҳаққоний ҳам бор. Унинг қариндошлари Абдул Азиз Ҳаққоний ва Яҳё Ҳаққонийнинг исмлари ҳам Америка "қора рўйхати"дан ўчирилди.
Ҳаққоний тармоғи аъзолари АҚШ томонидан Афғонистондаги Америка қўшинлари ва НАТО коалиция кучларига трансчегаравий ҳужумларни мувофиқлаштиргани ва иштирок этгани учун қидирувга берилган эди.