АҚШ Давлат департаменти бизнес ва сайёҳлик визаларини тезкор тартибда расмийлаштириш учун пуллик хизматни жорий этмоқчи. Энди хорижий фуқаролар стандарт 185 долларлик йиғимдан ташқари яна 750 доллар тўлаб, тўловдан кейин ўн кун ичида элчихона ёки консулликдаги суҳбатга ёзилиш имкониятига эга бўлади, деб хабар беради Associated Press.
Пилот дастури 1 июлдан бошланади ва 2026 йил 31 декабргача давом этади. Зарурат туғилганда ҳамда талаб юқори бўлган тақдирда, унинг амал қилиш муддати узайтирилиши мумкин. Дастурда иштирок этаётган хориждаги АҚШ элчихоналари ва консулликлари рўйхати дастур бошланишидан олдин эълон қилинади. Бу ҳақдаги тегишли хабар шу ҳафта Federal Register расмий нашрида чоп этилади.
Янги хизмат Дональд Трамп маъмурияти томонидан жорий этилган қатъий виза сиёсатининг оқибатларини қисман юмшатишга қаратилган. Сўнгги вақтларда АҚШ расмийлари виза олиш учун ариза беришда баъзи мамлакатлар фуқаролари учун гаров депозитини жорий қилди. Асосан Африка мамлакатларида бу миқдор 15 минг долларгача етиши мумкин. Бундан ташқари, ариза берувчилардан ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳолда катта миқдордаги шахсий маълумотларни тақдим этиш талаб қилинади.
Визадан воз кечиш дастурига киритилмаган мамлакатлар фуқаролари учун суҳбат учун навбат бир неча ой давом этиши мумкин. Бироқ, қўшимча равишда тўланадиган премиум хизмат виза берилишини кафолатламайди - бу фақат суҳбат вақтини тезлаштиради.