Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Хўжаобод туманида цемент заводи томонидан портлатиш ишлари олиб борилаётгани ва бу ишлар огоҳлантиришсиз қилинаётгани ҳақида хабар ва видеолар тарқалди. Ҳолат “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” ДМ ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилди.
Унга кўра, Андижон вилояти Хўжаобод туманида жойлашган оҳактош “Кўктош” конида “Reco Brend Sement” МЧЖ (02.08.2023 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 133-сонли қарорига асосан берилган ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома асосида) иш олиб боради. Ўрганишлар асосида ушбу МЧЖ томонидан кон ҳудудида портлатиш ишлари олиб борилиши тўғрисида доимий равишда Хўжаобод туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, тумандаги “Тош-ота” МФЙ ва “Ордай” МФЙ раисларига огоҳлантириш хатлари чиқарилгани, портлатиш ишлари ўтказиладиган ҳудуд атрофида махсус транспортда сирена воситасида аҳолини хабардор қилиш ишлари амалга оширилгани, видеода кўринган иншоотлар жамиятга тегишлилиги аниқланди.
Шунингдек, корхонага ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома олиш вақтида Давлат экологик экспертизаси маркази томонидан ушбу лойиҳа асосида оҳактош “Кўктош” конида бажариладиган геологик қазиб олиш ишларини атроф-муҳитга таъсир кўрсатиши юзасидан ижобий хулоса берилгани таъкидланди.