Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клуби президенти Абдуллоҳ Ал-Мажид «Барселона» ва Испания терма жамоаси юлдузлари Ламин Ямал ҳамда Педрини ўз жамоасида кўриш истаги борлигини яшириб ўтирмади.
Клуб раҳбари ёш иқтидорлар учун ҳар қандай молиявий харажатга тайёр эканлигини таъкидлади:
«Мен Ламин Ямал ва Педри каби футболчиларни клубимизга олиб келишни жуда хоҳлардим. Улар — футболнинг келажаги. Ростини айтсам, мен улар учун ҳар қандай нархни берган бўлардим. Уларнинг клуби нимани хоҳласа, биз барчасига тайёрмиз. Ҳатто шартнома шартларини уларнинг ўзлари ёзишлари мумкин», — дейди Ал-Мажид.
Шу билан бирга, «Ан-Наср» президенти ҳозирда бу трансфернинг амалга ошиши қийинлигини ҳам тан олди:
«Афсуски, улар ҳозир бу қадамни ташлашни истамасликларини биламан. Улар аввал Европада катта ютуқларга эришишни мақсад қилишган ва мен бу амбицияни ҳурмат қиламан. Барибир... футболда келажакда нима бўлишини ҳеч қачон билмайсан».
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия клублари Европанинг бир қатор ёш юлдузларига қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.