Мексикада ампутантлар футболи бўйича жаҳон чемпионати старт олди. 13–22 ноябрь кунлари ўтказиладиган мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам бош соврин учун кураш олиб боради.
Жаҳон чемпионатига Мексиканинг Сан-Хуан-де-лос-Лагос шаҳри мезбонлик қилмоқда. Мусобақада 24 та терма жамоа иштирок этади.
Ўзбекистон ампутантлар футболи бўйича жаҳон чемпионатлари тарихида беш марта ғолиб чиққан. Ҳамюртларимиз 1990, 1991, 2007, 2010 ва 2012 йилларда олтин медалларни қўлга киритган. Сўнгги чемпионликдан буён 14 йил ўтди.
Бу галги мундиалда терма жамоамиз «Е» гуруҳидан жой олган. Футболчиларимиз гуруҳ босқичида АҚШ, Уругвай ва Марокаш билан куч синашади.
Ўзбекистон дастлабки учрашувини 15 ноябрга ўтар кечаси АҚШга қарши ўтказади. Кейинги рақиб Уругвай бўлади. Гуруҳ босқичининг сўнгги баҳсида эса Марокашга қарши майдонга тушилади.
Ўзбекистоннинг ўйинлар тақвими:
15 ноябрь, 03:30. Ўзбекистон – АҚШ
16 ноябрь, 04:30. Уругвай – Ўзбекистон
16 ноябрь, 21:00. Ўзбекистон – Марокаш
Барча вақтлар Тошкент вақти билан кўрсатилган. Марокашга қарши ўйиннинг бошланиш соати ўзгариши мумкин.
Мусобақадаги 24 та жамоа олтита гуруҳга бўлинган. Ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки ўринни эгаллаган терма жамоалар, шунингдек, учинчи ўрин соҳиблари орасидан энг яхши натижа қайд этган тўртта жамоа нимчорак финалга йўл олади.
Жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи баҳси 22 ноябрь куни ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, ампутантлар футболи бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Туркия ҳисобланади. Турклар 2022 йилги мундиал финалида Анголани мағлуб этган эди.
Ўзбекистон терма жамоаси эса Мексикада олтинчи жаҳон чемпионлигини қўлга киритишга ҳаракат қилади.