Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

“Алпомиш” достонининг янги варианти яратилди

“Алпомиш” достонининг янги варианти яратилди

Термиз шаҳрида Алпомиш достонининг Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ижросидаги варианти асосида чоп этилган китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

ЎзАнинг ёзишича, китоб Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан Академнашр нашриётида чоп этилди. Тақдимот муносабати билан ташкил этилган тадбирда адабиётшунос олимлар, шоир-ёзувчилар, вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари, китобхонлар иштирок этди.

Фольклоршунос олимларнинг фикрича, ўтмишда Алпомиш достонининг 40 га яқин варианти бўлган. Лекин ҳозир унинг уч вариантигина сақланиб қолган. Булар орасида Ўзбекистон халқ бахшиси А.Поёнов айтган вариант нодир достоннинг энг мукаммал вариантларидан бири.

Достоннинг бу вариантини устозим Чорша бахши Раҳматуллаевдан ўрганганман, дейди Ўзбекистон халқ бахшиси А.Поёнов. Қадимдан Сурхон воҳасида аждодларимиз жўшиб куйлаб келган бу достоннинг қўлёзма нусхаси ҳажми 600 саҳифа бўлиб, шеърий қисми 14 минг 230 мисрани ташкил этади. Мен Алпомиш нинг қозоқча, қорақалпоқ вариантларини ҳам ўқиб чиққанман. Юртимизда илк марта ўтказилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали арафасида чоп этилган бу китоб халқоналиги, ижро услуби, сюжет ва воқеалар ривожи ёрқин акс этгани билан бошқаларидан ажралиб туради.

Тадбирда китобхонлар, талаба-ёшлар ҳам ўз фикрларини билдирди. Достон ёшлар қалбида ватанпарварлик, жасорат ва садоқат каби фазилатларни тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ўзбекистонда халқ оғзаки ижодига бўлган эътибор ва қизиқишни кузатиб ҳавасимиз келмоқда, дейди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси Асадулло Азизий. Афғонистонда ҳам халқ оғзаки ижоди асосида яратилган термалар сақланиб қолган. Лекин ҳалигача Алпомиш достонини эшитмаган эканман. Термизда ўқиш давомида достон билан яқиндан танишдик. Бахшилардан катта қизиқиш билан эшитяпмиз. Ботирлик, садоқат ва вафо каби хислатлар улуғланган достоннинг китоб ҳолида чоп этилгани ғоят олижаноб иш бўлди.

Тадбирда таниқли бахшилар Алпомиш достонидан парчалар ижро этди.

Киритилди: 11:47 31.03.2019. Ўқилди: 8576 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!