Бугун 17 декабрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Аллоҳ деймиз ва ҳаловат топамиз

A A A
Аллоҳ деймиз ва ҳаловат топамиз

Инсон мутаассил ҳис-туйғулар алмашинуви ичида яшайдиган мавжудот. Баъзан яхшилик фариштасидек, барчани, ҳамма нарсани қучишни истаган инсон, баъзида ҳеч кимни кўришни истамайди, ҳеч нарса ёқмайди. Фақат ташқи дунёда эмас ички оламида ҳам шундай зиддиятлар билан яшайди.

Баъзида мол-дунё ҳирси шунчалик кўзини кўр қиладики, ҳеч кимни кўрмайди, кўра олмайди. Кун келиб эса худди ўша инсон Дунё моли учун ўзимни ҳам, ўзгаларни ҳам чирқиратиш, ранжитишнинг кераги йўқ дея ўйлайди.

Фариштасифат бир инсон кези келганди шайтонга калишини терс кийдирадиган ишларга қўл урганини кўрганимизда Ўзини йўқотиб, йўлидан адашган! деймиз. Аллоҳ ҳеч бандани йўлидан адаштирмасин , деймиз. Ҳатто ибодатларда ҳам шундай эмасми? Гоҳида сидқилдилдан, жўшиб, баъзан эса истар-истамас, совуққонлик билан ибодат қиламиз.

Намоз ўқиганда неча марта Аллоҳу акбар дейишни ўйлаб кўрганмисиз? Аллоҳ нега бизга бир кунда қирқ бора Фотиҳа сурасини ўқитар экан? дея ўйлар эканман, неча бор такбир келтиримизни санаш хаёлимга келди. Бир кунда беш маҳал намоз ўқийдиган инсон 200 дан ошиқ такбир айтар экан.

Намоз ичида ўқийдиган оят ва дуоларда Аллоҳ лафзини неча марта такрорлашимизни санамадим. Бир кунда 200 марта такрорлайдиган бошқа нарса бормикан ҳаётимизда?

Бу қадар такрорнинг албатта бир қанча ҳикмати бордир. Фақат менинг ақлим етган ҳикматлардан бири одамболасининг ҳар қандай ҳолатга жуда тез мослашишидир. Аллоҳ азза ва жаалла бандаларининг бу ожизлигини яхши билгани учун, ҳар қандай ҳолатда йўлга тушиб кетишнинг чорасини кўрсатади.

Инсон тинимсиз ўзгарувчан мавжудот бўлгани учун ҳам Аллоҳ бир кунда беш маҳал намоз ўқишни буюргандир?

Инсон тинимсиз ўзгарувчан мавжудот бўлгани учун ҳам Аллоҳ бир кунда қирқ бора Фотиҳа сурасини ўқиттирар?

Инсон тинимсиз ўзгарувчан мавжудот бўлгани учун ҳам Аллоҳ кунда икки юздан ортиқ Аллоҳ акбар дейишга ундар?

Руҳий дунёимизни иншо этиш учун илмий жиҳатдан исботлашга мажбур эмасмиз, албатта. Тилда ифодалашнинг имкони бўлмаган, бошдан кечириб ҳис қилинадиган ҳиссиётлар бор. Ишлари яхши бўлмаган, олчоқлар томонидан ҳаддан ортиқ азият кўраётган бир танишим, юраги сиқилганида Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ дея хотиржам бўлишини айтганди. Буни айта туриб, аслида араб тилини билмаслигини, буни унга биров ўргатмаганини, фақат кун давомида ўн мартача шу жумлани такрорласа, тинчланиб олишини тушунтиришга ҳаракат қилди.

Танишим менга буларни тушунтиришга уринар экан, унга қуйидаги мақолани ўқиб бердим:

Аллоҳ сўзининг ақлга бовар қилмас сирлари

Нидерландиялик психолог Вандер Ҳовен Қуръон ўқиш ва АЛЛОҲ сўзини такрорлаш бемор ва соғлом инсонларда қандай таъсир қилишини кашф қилганини изоҳлади. Нидерландиялик проффессор уч йилдан бери бир қанча бемор устида тадқиқот ва изланиш олиб бориб янги кашфиётга муваффақ бўлганини таъкидлади.

Беморларнинг баъзиларини мусулмон эмаслигини, айримлари эса мусулмон бўлса-да, араб тилини билмаслигини таъкидлаган Ҳовен касалларига АЛЛОҲ сўзини ўргатганини айтади. Натижа эса ниҳоятда мукаммал бўлганини, айниқса, руҳий зиқлик ва қон босими кўтарилиши (хафақон) билан оғриганларда яхши натижага эришгани маълум бўлади.

Проффессор Ҳовен АЛЛОҲ сўзидаги ҳарфлар беморлар руҳиятига таъсирини шундай изоҳлайди.

Аллоҳ сўзининг илк ҳарфи бўлган А нафас йўллари тизимидан сирғалиб чиқади ва нафас олишни изга солади.

Томоқдан айтиладиган Л ҳарфи эса (араб тилидагидек талаффуз қилинганида) тил билинар-билинмас томоқнинг уст қисмига тегади ва жағ бир муддат шу муддатда туриб қолади ( Л ҳарф иккита бўлгани учун).

Сўнгги ҳарф Ҳ талаффуз қилинганида жигар ва юрак ўртасида алоқа вужудга келади ва бу жараён сўнгида юрак уриши маъёрига тушади.

Бу изланишни амалга оширган Нидерландиялик проффессор мусулмон эмас, лекин Ислом илмларига қизиққан ва Қуръони Карим сирларини тадқиқ қилган психологдир.

Бемор тўшагида дард тортаётган инсоннинг Аллоҳ! дея инграганига кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз. Бирор мусибатга йўлиққан инсоннинг Аллоҳиим! дея хитоб қилганини эшитмаганлар бўлмаса керак.

Тутадиган шохи қолмаса, боши берк кўчага кирса, қўл узатадиган инсони қолмаса банда Аллоҳ дея тинчланади. Аллоҳ сўзи ҳаётимизнинг асосига айланиб кетганидан, ҳамма нарсага, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ деймиз.

Тўғри йўлни топиш, яхшиликк эришиш, учун Я, Аллоҳ деймиз.

Шайтондан қочиб, Аллоҳдан паноҳ истаганда Аувзу бииллаҳ деймиз.

Ҳар ишни Унинг номи билан бошлаб Бисмиллаҳ деймиз.

Неъматга муносиб кўрса, шукр қиламиз. Берганида ҳам, олганида ҳам Алҳамдулиллаҳ деймиз.

Ҳайратланганимизда МашаАллоҳ деймиз.

Пушаймон бўлганимизда Астағфируллоҳ деймиз.

Севинганимизда Аллоҳу акбар деймиз.

Хафа бўлганимизда Инна лиллаҳ деймиз.

Юрагимиз сиқилганида ФасубҳанАллоҳ деймиз.

Ғалаба қилганимизда Насрун минАллаҳ деймиз.

Ризқ топганимизда Ар-ризқу алАллаҳ деймиз.

Орзу қилганимизда Инша Аллоҳ деймиз.

Бир ишни бажарганимизда Биизниллаҳ деймиз.

Машаққат олдида Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ деймиз.

Ваъда берганимизда вАллаҳ ва биллаҳ деймиз.

Бу қадар эслатмалар нури қалбни ёритганида ЭйваАллоҳ демаслик мумкинми?..

Manba: azon.uz

Киритилди: 23:15 25.02.2019. Ўқилди: 11335 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!