👩🏻⚕️ Илмира Разикова,
Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори:
💬 — Аллергик васкулит аллергик реакция натижасида қон томир деворларининг яллиғланиши билан кечадиган касаллик ҳисобланади. Унинг келиб чиқиши турли омиллар билан боғлиқ. Шулар орасида антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи дори воситалари, сульфаниламидлар ва айрим вакциналар етакчи ўринни эгаллайди.
🧪 Бундан ташқари, стрептококк, стафилококк, гепатитнинг B ва С турлари, герпес, грипп, ЎРВИ каби вирусли инфекциялар, қолаверса, цитрус мевалар, ёнғоқлар, шоколад, балиқ, денгиз маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқат аллергенлари, турли кимёвий воситалар бу хасталикни чақириши мумкин.
⏩ Аутоиммун ва сурункали касалликлар, қандли диабет, жигар ҳамда буйрак патологиялари туфайли ҳам баъзи инсонларда аллергик васкулит пайдо бўлиши кузатилади.
💫 Шу сабабли бу муаммо билан асосан аллергияга мойил, иммунитети заиф, сурункали инфекция ўчоқлари бор, узоқ муддат дори қабул қилувчи ва экологик ноқулай ҳудудларда яшовчи кишилар тўқнаш келади.
🩺 Касалликнинг қатор яққол белгилари бор. Терида қизил ёки бинафшаранг доғлар, қичишиш, шиш, пўст ташлаш, майда яралар пайдо бўлиши, баъзан бўғим ва мушак оғриқлари, ҳолсизлик ҳамда иситма шулар жумласидандир.
👩🏻⚕️ Ана шу аломатлар пайдо бўлса, дарҳол аллерголог мутахассисга мурожаат қилиш керак. Шифокор аввал бемор шикоятларини эшитиб, касаллик тарихи билан танишади. Қон ва пешоб таҳлиллари олинади. Зарур ҳолларда тери биопсияси, УТТ ёки бошқа инструментал текширувлар буюрилиши мумкин.
➡️ Касалликни қўзғатаётган асосий сабаб, яъни аллерген аниқлангач, даволаш муолажалари индивидуал тарзда олиб борилади.
💊 Даставвал, аллерген билан алоқа тўхтатилиб, уни бартараф этиш учун антигистамин препаратлар, яллиғланишга қарши дори воситалари, оғир ҳолатларда гормонал терапия қўлланилади. Агар беморда инфекция аниқланса, тиббий кўрсатмага мувофиқ, антибактрериал воситалардан фойдаланиш тавсия этилади.
🥗 Энг асосийси, аллергик васкулитдан халос бўлишда тўғри овқатланиш, парҳез ва соғлом ҳаёт тарзига риоя қилиш муҳим.
‼️ Ҳозир Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларида бу каби касалликлар энг илғор усуллар ҳамда замонавий технологиялар асосида аниқланиб, самарали даволанмоқда.