Россиялик тўрт нафар олигарх – Aлишер Усмонов, Роман Aбрамович, Михаил Фридман ва Пётр Aвен Европа Иттифоқи томонидан уларга нисбатан қўлланилган санкцияларни бекор қилиш талаби билан Европа судига мурожаат қилди.
Бу ҳақда хабар берган Wall Street Journal нашри Европа судига даъволарни ҳар бир олигарх алоҳида тақдим этишини таъкидлади.
Нашрнинг ёзишича, Aлишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова уларга қарши санкцияларни бекор қилишдан ташқари, ЕИдан 20 минг доллар миқдоридаги суд харажатларини тўлашни талаб қилмоқда.
Усмонов ўз аризасини судда кўриб чиқишни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда, деб ёзади Wall Street Journal. Хабарда айтилишича, Усмонов буни санкциялар туфайли бир нечта тижорат шартномалари бекор қилингани, бунинг натижасида унинг учта компанияси банкротлик ёқасида қолгани билан изоҳлаган. Aммо ўтган ой суд Усмоновнинг илтимосини рад этди.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, март ойида санкциялар рўйхатида бўлганидан сўнг Aлишер Усмонов бир қатор активларини синглиси Гулбаҳор Исмоиловага ўтказган. Хусусан, Исмоилова “Дилбар” яхтасининг ягона эгаси ҳисобланади.
Исмоилованинг Буюк Британиядаги барча активлари музлатилган, унга мамлакатга кириш тақиқланган. Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторийнинг 82,1 фоиз акциялари ҳам Гулбаҳор Исмоиловага тегишли.
8 апрел куни Европа Иттифоқи кенгаши Aлишер Усмоновнинг яна бир синглиси Саодат Нарзиевага санкция қўллади. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази Нарзева Швейцария банкларидаги умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 27 дан ортиқ банк ҳисоб рақамларининг бенефициари эканлигини ёзган.
Aлишер Усмонов Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан президент Путинга яқин бўлган, деб ҳисобланган бошқа россиялик олигархлар қатори Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилганди.
Санкциялар доирасида миллиардерга Европа Иттифоқига кириш тақиқланган, унинг активлари музлатилган. Март ойи бошида Франция ҳукумати Aлишер Усмоновга алоқадор иккита вертолётни қўлга олди. Шунингдек, Германия ҳукумати Гамбургдаги кемасозлик заводида Aлишер Усмоновнинг 600 миллион долларлик “Дилбар” яхтасини тўсиб қўйгани маълум қилинган. Италия нашрлари Усмоновнинг Сардиниядаги вилласи муҳрлангани ҳақида хабар берди.