Депутат Алишер Қодиров уни ҳақорат қилганларни жазоламоқчилигини маълум қилди.
“Интизомсизга марҳамат қилиб жамиятда низомни беқадр қилаётганимизни тушундик. Эркин жамият миллий тараққиётнинг ўзагидир. Эркинлик — фаросати борлар учун имконият, фаросати йўқ нотавонлар учун заҳмат олиб келади.
Танқидларга очиқмиз, мулоқот ва муҳокама вазифамиз, лекин оммавий чиқишларда ҳақорат ишлатадиган фаросатида нуқсонлиларни жазолаш орқали жамиятни ўзгаришига ҳисса қўшмоқчимиз”, деб ёзди у ва сўзининг сўнггида #haqoratjazolanadi дея ҳештег қолдирди.
“Миллий тикланиш” партияси раҳбари 23 январь куни “газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиб юборадиган халқнинг косаси оқармаслиги”ни айтганди.
“Газ қиммат ресурс, 1 куб газдан 10 га яқин юқори қийматли, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, хорижга сотиш ва унинг пулига миллионлаб қоракўзларимизга иш ўрни яратиш мумкин. Тилла қатори миллиардлаб куб газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиб юборадиган халқнинг косаси оқармайди”, деб ёзганди депутат ўз саҳифасида.
У электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириб, газ ўрнига электр энергияси ишлатишни ўрганиш кераклигини таъкидлаганди.
Бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим фойдаланувчилар депутатни бу фикрлар учун ҳақоратлаб изоҳлар ёзмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача (7,5 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жавлон Абдуллаев Алишер Қодировнинг газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиш қимматга тушаётгани ҳақидаги фикрлари ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинаётганини айтди.