Алишер Қодиров ОТМларда дарсларни соат 10:00дан бошлаш таклифи билан чиқди. У бу тартиб билан катта шаҳарлардаги тирбандликларни камайтириш мумкинлигига ишонади.
“Миллий тикланиш” лидери Президент раҳбарлигида ўтказилган йўлларда хавфсизликни таъминлаш масаласига бағишланган йиғилишда иштирок этганини, шаҳар тирбандлигини камайтиришда ўзида ҳам айрим таклифлар борлигини қайд этади.
“Жамоат транспорти тизимли ва сифатли бўлса, аҳоли хусусий автомобилдан кам фойдаланади. Кузатиладиган тирбандликларда жамоат транспортининг тизимсиз ва сифатсизлиги катта ўрин тутади.
Тирбандликни келтириб чиқараётган оқимнинг катта қисми талабалар. Тирбандлик эрталаб ўқишга келиш ва қайтиш вақтига тўғри келаяпди.
Нима учун давлат хизматида иш бошлаш вақтини 8:30, олийгоҳларда ўқиш бошлаш вақтини 10:00 га белгилаш мумкин эмас? Осмон узилиб ерга тушмайди, лекин жамоат транспортига ҳам, автойўлларга ҳам босим жиддий камаяди”, – дейди Қодиров.
У, шунингдек, автобусларга пул тўплаш режаси қўйилишини ҳам танқид остига олади.
“Автобусга қандай қилиб кунлик режа қўйиш мумкин? У йўловчи териб юриши эмас, белгиланган вақтда, белгиланган жойда бўлиши керак! Ҳатто, йўловчиси бўлмаса ҳам!
Автобус ҳаракати учун алоҳида, ажратиб қўйилган йўл бўлиши автобусни аниқ график асосида ҳаракатини таъминлайди. Менимча бу трамвай учун қайта тизим яратишдан арзонроққа тушади”, – дейди у.
Қодиров жамоат транспортини жозибали ва қулай қилиш ҳам автомашина оқимини камайтириш, йўллардаги фожеалар олдини олишга хизмат қилишини таъкидлайди.