Акмал Шукуров иши бўйича жазони енгиллаштирган судя лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Судялар олий кенгаши хабар берди.
Президентнинг 2025 йил 25 декабрдаги фармойишларига мувофиқ:
Мирзажонов Муроджон Кодирович – ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуни 79-моддаси 1-қисмининг 2,10-бандларига асосан судьялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимидан озод этилди.
Шунингдек:
Ғаниев Фарходжон Боқижонович ‒ судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига, шундан беш йил муддатга Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Андижон вилоят суди раиси лавозимидан озод этилди.
Абабакиров Муроджон Абдуқохорович ‒ судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига, шундан беш йил муддатга Андижон вилоят суди раисининг ўринбосари ‒ жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланди.
Аввалроқ, Акмал Шукуров ишини кўрган судяларга хизмат текшируви тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.