Африка Иттифоқи (АИ) АҚШнинг Нигерия ҳукуматини “насронийларга қарши ҳужумларда шерикликда айблаган” ва ҳарбий аралашув билан таҳдид қилган сўнгги баёнотларидан жиддий хавотир билдирди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий баёнотида маълум қилинди.
Африка Иттифоқи Комиссияси ўз баёнотида:
“Африка Иттифоқи Низомида белгиланган суверенитет, ички ишларга аралашмаслик, дин эркинлиги ва қонун устуворлиги тамойилларига содиқ қолади”, — дейилади.
Баёнотда Нигерия Африка Иттифоқининг муҳим ва қадрли аъзоси экани, у минтақавий барқарорликни таъминлаш, терроризмга қарши курашиш ва тинчликни сақлашда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланган.
Ташкилот АҚШ ва бошқа хорижий ҳамкорларни Нигерия билан муносабатларда дипломатик мулоқот ва ҳамкорликни устувор қилишга чақирди.
“Бир томонлама ҳарбий таҳдидлар қитъада тинчликка путур етказиши мумкин ва Африка Иттифоқи тамойилларига зиддир”, — дейилади баёнотда.
31 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Нигерияни “насронийларнинг оммавий ўлдирилиши” учун “алоҳида хавотирли давлат” деб атаган эди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Нигерияга ёрдамни тўхтатиши ёки ҳатто ҳарбий чоралар кўриши мумкин.
Нигерия президенти Бола Ахмед Тинубу бу баёнотга жавобан шундай деди:
“Нигерия демократик давлат бўлиб, дин эркинлигини Конституция кафолатлайди. Биз ҳеч қандай диний таъқибни қабул қилмаймиз.”
Тинубунинг таъкидлашича, ҳукумат 2023 йилдан буён ҳам насроний, ҳам мусулмон етакчилар билан мулоқотда бўлиб, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида иш олиб бормоқда.
Гарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Жамияти (ECOWAS) ҳам террорчилик таҳдидлари бутун минтақада кучайганини ва бу ҳужумлар ҳам мусулмонлар, ҳам насронийлар, ҳам бошқа дин вакилларини нишонга олаётганини маълум қилди.