Африка давлатлари энг қашшоқ мамлакатларга, жумладан Африка мамлакатларига иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш дастурларини молиялаштириш учун глобал солиқ тўлашга чақирди.
Бу чақириқ Найробида якунланган Африка иқлим саммитида қабул қилинган Найроби декларациясида ўз аксини топди.
Саммит якунида Кения Президенти Уилям Руто Найроби декларацияси иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича глобал ҳаракатларнинг янги босқичига асос бўлишини таъкидлади: “Биз барқарор ривожланиш кун тартибига ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг устувор йўналишларини жойлаштириш бўйича биргаликда қатъийликни намойиш этдик. Саммит давомида Африка давлатлари биргаликда ҳаракат қилиш қобилиятини намойиш этдилар ва инсоният келажаги Африкада эканига ҳеч кимда шубҳа қолдирмади”.
Найроби декларацияси сайёрамиз иқлимини ҳимоя қилиш дастурларини молиялаштириш учун глобал солиқни таклиф қилади. Африка давлатлари айнан нимага солиқ солишга уринаётгани ҳозирча номаълум, аммо саммит арафасида молиялаштиришнинг мумкин бўлган манбалари номи аллақачон маълум бўлган - жаҳон молия тизимидаги операциялардан ундириладиган маблағлар.
Декларация, шунингдек, ривожланаётган мамлакатларни жалб қилган ҳолда халқаро молия тизимида ислоҳотлар ўтказишга чақиради. Африка мамлакатлари учун ҳам Халқаро валюта жамғармаси орқали имтиёзли кредитлашни қўллаш, шунингдек, қитъанинг бир қанча давлатларининг давлат қарзи муаммосини ҳал қилиш таклиф этилади.
Африка давлатлари ноябр ойида Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтадиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференсиясига Найроби декларациясини тақдим этиш ниятида.