Афғонистон чегарадаги сўнгги тўқнашувлардан сўнг Покистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга интилаётганини маълум қилди.
Бу ҳақда Афғонистон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Яъқуб Мужоҳид “Al-Jazeera” телеканалига берган интервьюсида айтди.
Вазирнинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги кескинлик ҳеч бир томон учун фойдали эмас.
“Афғонистон ва Покистон қўшни давлатлар. Улар ўртасидаги кескинлик ҳеч кимга фойда келтирмайди”, — деди Мужоҳид.
У Доҳада эришилган келишувни эслаб, Туркияда бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашув эришилган келишувларни амалга ошириш ва назорат қилиш механизмларини муҳокама этишга бағишланишини қайд этди.
Мужоҳиднинг сўзларига кўра, Афғонистон келишувнинг барча шартларига содиқ қолмоқда, аммо Покистон ўз мажбуриятларини бажармаса, бу янги муаммоларга олиб келиши мумкин. У шунингдек, воситачи сифатида иштирок этаётган Туркия ва Қатарни Кобул ва Исломобод ўртасидаги келишувни амалга ошириш жараёнини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Вазир, шу билан бирга, Ҳиндистоннинг Афғонистон ва Покистон ўртасидаги кескинликка аралашгани ҳақидаги айбловларни ҳам рад этди.
“Бу айбловлар асоссиз. Бизнинг сиёсати — ҳудудимиздан бошқа давлатларга қарши фойдаланишга йўл қўймаслик. Биз Ҳиндистон билан мустақил давлат сифатида миллий манфаатлар доирасида муносабатларни ривожлантирамиз, аммо Покистон билан ҳам яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қоламиз. Маҡсадимиз — муносабатларни ривожлантириш, кескинлик яратиш эмас”, — деди у.