Бугун 18 июль, 2025 йил, жума

O'ZB

Абдураҳмон Мешаян: Рамазон илҳомлари

A A A
Абдураҳмон Мешаян: Рамазон илҳомлари

ТОПҚИРЛИК

Рўза тутмам деди менга бир эркак,

Дедим: “Мусофир ё беморсиз демак?”

“Йўқ” деди. Шунда мен топқирлик қилдим,

"Унда хомиладор бўлсангиз керак!”

 

РАМАЗОНДАГИ САБР

Кўзим тушди паривашим яноғига,

Қизғалдоқдан ранг қарз олган дудоғига.

Дедим ҳозир кет, аммо қайт соҳибжамол,

Қуёш кириб кетган чоғда ётоғига.

 

РИЁКОРГА САВОЛ

Нима топдинг ўзни шу қадар хорлаб?

Риё осмонида бир муддат порлаб.

Камбағал рўзадор бир четда қолиб,

Рўза тутмас бойни ифторга чорлаб?

 

УВОЛ

Юртни севаман деб сочганча ёғду,

Шу халқнинг нонин еб, охири сотмоқ.

Худдики бутун кун рўза тутмоғу,

Сўнг тўнғиз гўштин еб ифторлик қилмоқ.

 

ҲАРОМ ЛУҚМА

Мен фақирга мақтов учун тутган балиқ,

Риё деган денгиз бўйлаб сузиб кетди.

Намоз деган қаср қурдим, гувоҳ Холиқ,

Ул қасрни ҳаром луқма бузиб кетди.

 

ХАР НЕНИНГ ЎЗ ВАҚТИ БОР...

Дўстим ўйламаки биз қуёнюрак,

Англа хақиқатни айтмайман нечун.

Тонг чоғи оғизни ёпмоқмиш керак,

Шом чоғи оғзингни очмоғинг учун...

 

БЎЛГАН ВОҚЕА

Бизнинг бағир анор янглиғ,

Дарз эмасдир.

Тилимизга илашган сўз,

Арз эмасдир.

Зинокорни рўза тут деб қилсам даъват,

Деди: "Тўнғизларга рўза фарз эмасдир!"

 

САВОЛ-ЖАВОБ

Оғизни не билан очганим афзал?

Хурмо еб, сув ичиб, ё тотиб асал?

"Не билан очсанг оч халол бўлса бас"

Жавоб олмагандим бунданда гўзал.

 

МЎМИН ВА МУНОФИҚ

Нокас деса уффф бу рўза қачон тугаркин?

Эндигина беш кун бўлди бошланганига.

Эҳ атиги қолдими деб йигирма беш кун

Гувоҳдирман мўмин кўзин ёшланганига...

 

КИМ ЗЎРРОҚ? (Икки нодоннинг баҳси)

Рўза тутмасам ҳам хурмозорим бор,

Мақтанай, гар бўлса мақтаниш лозим.

Мен сендан хам зўрман, сенданда илғор

Сандиғимда бордир қирқ жойнамозим.

 

ТАҚВО

Юрагимда эътиқод яшар,

Лек тугамас дил нолалари.

Ифтор чоғи ёдимга тушар,

Сомалининг оч болалари...

Суриянинг оч болалари...

 

БАДБАХТ

Диний эркинлик йўқ, дейди тинмасдан,

Толмас хукуматга тошларин отиб.

Ўзи Рамазонда рўза тутмасдан,

Таровеҳга бормай ухлар донг қотиб.

 

РЎЗАДОРНИ ИҒВО ҚИЛУВЧИЛАРГА...

Нуқул иғво қилар, Аллоҳ уйига

Таклиф қилинганни, қилинмаганлар.

Қармоғига балиқ илинганларни,

Қармоғига балиқ илинмаганлар.

 

ХАҚ ВА БОТИЛ

Ислом душманлари бунчалар кўп-а?

Ботилни ҳақ, ҳақни дейдилар ботил.

Бир ёнда Амриқо, бир ён Овропа,

Қотилни-шаҳид дер, шаҳидни-қотил

 

ИЗТИРОБ... (Рамазондан ўн кун ўтиб...)

Эндигина кийиб топгандик иззат,

“Рўзадорлик номли шарафли тўн”ни.

Бешафқатлик айлаб, айтгил эй қисмат,

Бунча тез айирдинг ўттиздан ўнни?

 

РАМАЗОН

Зикрлар малҳамдир қалбдаги доға,

Кўз ёш сели фойда кўнгилдек боға.

Ойларнинг ичинда афзал кўрганим,

Шаъбонга инидир, Шавволга оға.

 

“РАҲМАТ ДАҲАСИ”НИНГ ИНТИҲОСИДА...

Дард йўлбарси менга ташланаётир,

Кўзлар беиҳтиёр ёшланаётир.

Ахир тезда тугаб “раҳмат даҳаси”

“Мағфират даҳаси” бошланаётир.

 

РАМАЗОНДАН СЎНГ...

Рамазондан олдин, юрар эдинг "чап",

Рамазон бошланиб, юрар бўлдинг ўнг.

Не бўлар сенгада таъсир қилиб гап,

Намозни бошласанг, рамазондан сўнг?

 

НИЯТНИНГ АҲВОЛИ...

Хушламайман қўлга қалам олган зотни,

Дўст устидан "тепага" арз ёзмоқ учун.

Ундан ортиқ хушламайман айтай ростни,

Рўза тутган кимсаларни, озмоқ учун...

 

РИЁ

- Рўза тутмасдингиз, бу йил тутибсиз,

Охири дебсизда савобдан қолмай?

- Йўға рўза тутдим, қуда тараф деб,

Ифторга чорлашса, уялиб қолмай...

 

БИР ПИЁЛА СУВ

Шайтон муслимларни туширолмас чув,

Эй биродар дилдан гумонларни қув.

Рўза тутиб кўргин, шунда биларсан,

Нақадар шириндир бир пиёла сув.

 

РЎЗАДОРНИНГ НИЯТИ

Савоб сандиғимга мўминларга хос,

“Ўн олмос”ни солдим, дарддаман халос.

Энди ният шуки, “ўн олмос”имга,

Қўшмоғим даркордир “йигирма олмос”.

 

РЎЗАДОРЛАР КАРВОНИ

Одамзот жаннатни истар, аммо қадам-

Қўймоқни истамас ўлим нарвонига.

Минг шукрки, Арш султони бериб ёрдам,

Қўшилмишам рўзадорлар карвонига...

 

САҲАРЛИКДАН ИФТОРЛИККАЧА...

Бир одимдир эй азиз инсон,

Ялқовликдан илғорликкача.

Бардош топа олурсан инон,

Саҳарликдан ифторликкача.

 

НАМОЗ ФАРЗ БЎЛМАГАН ЖАМОАТ

Завжаси йўқ биздек муслим шўрликларга,

Учрагин денг “қурт тушмаган ўриклар”га.

Лек “тоатсиз ўрик”ларни қилманг таклиф,

Рўза фақат фарз эмасдир ўликларга.

 

БЕНАМОЗГА ҚЎЙИЛГАН ТАШҲИС

Ушбу кимса фисқ чўлидан кетмагандир,

Мўминлигин қадригада етмагандир.

Қирқдан ошиб эсин еган мажнун*дир у,

Ёхуд хануз балоғатга етмагандир.

 

Мажнун*-бу ерда афсонавий ошиқ эмас, ақлдан озган, телба маъносида

 

***

Рамазон келганда тин олиб бир дам,

Овга чиқмас тунги капалаклар ҳам.

Сен эса улардан жирканарсану,

Ўзинг жикранчроқсан рўзасиз одам.

 

КИНОЯ

Қоқ туш бўлган чоғда мусаллас тотган,

Қалби муз янглиғдир, кўнгли тош қотган.

У зўр “рўзадор”дир, шом чоғи эмас,

Унинг учун қуёш пешинда ботган...

 

МУСЛИМ ИШОНЧИ

Йиқилмадим, қолмадим ғамда,

Қисмат менга туширган зарбдан.

То мен борман кўҳна оламда,

Қўрқманг, қуёш чиқмайди ғарбдан...

 

КЕКСАЛАР КЎРСАТГАН ИБРАТ... (Оғиз очилаётгандаги ўйлардан...)

 

Мевасини мен емасам ҳам,

Набиралар ер деб кексалар.

Тушунмасдим илгари Абу-

Дардо каби хурмо эксалар...

 

ПОРАХЎРНИНГ РЎЗАСИ... (Хаёлот маҳсули)

Шайтон деди: Сувдан тота қолсангчи.

Менга виждонингни сота қолсанчи.

Порахўр чидолмай пул қилиб таклиф,

Қуёшга дўқ урди: Бота қолсангчи!

 

РАМАЗОНДА КУТИЛГАН ВИСОЛ

Ифтордан сўнг келсанг кўнглим тўларди,

Қутурган нафс ити шундоқ ўларди.

Келмадинг ҳеч қурса, келсанг париваш,

Саҳарликдан олдин нима бўларди?

 

***

Тақво хосил айла, ўзингдан қочма.

Тоатинг Хақ учун, заҳрингни сочма.

Оғзингни не бирла ёпганинг билмам,

Лек оғзинг мурданинг гўштин еб очма!

 

ЎҒЛИМ СЕНГА АЙТАМАН...

Фақир эди...Нон ва сув-ла оғзин очди,

Рўза тутмай ўз-ўзини хорламади.

Ён қўшниси ифтор айлаб борин сочди,

Аммо фақир рўзадорни чорламади...

 

ЭЪТИРОЗ

Дерлар: Масжид ифтор қилар жой эмасдир,

Билмасмилар ҳар пичоқ ҳам мой эмасдир.

Асҳоби суффадек ночорлар хануз бор,

Хорун Ар Рашиддек хамма бой эмасдир!

 

АТТАНГ

Мўминларга меҳрин сочмай кетдия,

Қучоғин мискинга очмай кетдия.

Юрди унинг "оғзи бир умр ёпиқ"

Лоақал бир бора очмай кетдия.

 

"КЎНГЛИМ ТОЗА БЎЛСА БЎЛДИ" ДЕГУВЧИЛАРГА

Носаролар қилмас Қуръонга амал,

Яҳудийлар кутмас намоз вақтин зор.

Айтгинчи виждонинг қолган бўлса сал,

Сенинг ўшалардан нима фарқинг бор?

 

***

Ул қурганим шеърдек баланд иморатдир,

Ҳар бир ғишти, рост сўзлардан иборатдир.

Бир кечада саксон уч йил тоат қилдик,

Хақ истаса, дуоимиз ижобатдир.

manba: azon.uz

Киритилди: 10:28 01.06.2018. Ўқилди: 2992 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!