"Кристал Пэлас" марказий ҳимоячиси Марк Гехи фаолиятини "Манчестер Сити"да давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Football Insider нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, айни дамда "Манчестер Сити" келаси ёзда "бургутлар" билан шартномаси якунланадиган Гехи учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Таъкидланишича, "шаҳарликлар" Гехини Жон Стоунзнинг ўринбосари сифатида кўрмоқда.
"Ливерпуль" ҳам қолган даъвогарлар каби Гехи учун курашни давом эттирмоқда, аммо "Манчестер Сити" бор кучи билан келишувни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. "Кристал Пэлас" ҳимоячисини текинга йўқотмоқчи эмас, "шаҳарликлар" эса январь ойидаёқ унинг учун 40 миллион евро тўлашга тайёр.
Жорий мавсумда 25 ёшли Гехи барча мусобақаларда 22та ўйинда майдонга тушиб, битта гол урди ва тўртта голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.