Умрининг 15 йилидан ортиқ қисмини панжара ортида ўтказган инсон озодликка чиқиши билан дарҳол молиявий тарафлама ўзини ўнглаб олиши, иш топиши осон бўлмайди. Бугун Президентимиз томонидан берилган афв билан ёки белгиланган муддатни ўтаб озодликка чиқаётган фуқароларимизнинг кўпчилиги айнан молиявий муаммоларга тўқнаш келмоқда.
Тошкент шаҳрида яшовчи диний экстремистик оқимларга алоқадорлиги сабаб (159-модда) озодликдан маҳрум этилган фуқаролардан бири бугун 18 йиллик жазо муддатини ўтаб уйига қайтди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари у билан суҳбат ўтказиб, унинг муаммоларини ўрганди. Маълум бўлишича, фуқаро А.Тнинг узоқ йиллик қамоқ жазосини ўташ даврида соғлиғи оғирлашган. Шунингдек, бир ишни бошини тутиб ўсиб унадиган даврини панжара ортида ўтказгани сабабли у ишсиз, ҳунарсиз қолмоқда эди. Президентимизнинг ана шундай экстремистик оқимларга алоқадорлиги сабаб қамалиб чиққан фуқароларни жамиятга қайтариш ва уларга ёрдам қўлини чўзиш кераклигини кўп бора таъкидлаган эди. Ҳамда, ана шундай фуқароларга моддий ёрдам қилган юртдошларимиз биринчилардан бўлиб Ҳаж сафарига боришга лойиқ эканлигини эътироф этганлар. Бугун айни шу мақсад билан бир қанча Ҳажга боришни узоқ йиллардан буён орзу қилиб, навбат кутиб турган отахон-онахонлар уларга ёрдам қилмоқдалар.
Ипакчилик маҳалласида яшовчи Н. Муҳамедов рафиқаси билан етти йилдан буён Ҳаж сафарига бориш учун навбат кутиб келмоқда эди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги тавсияси билан у озодликка чиққан фуқарога соғлиғини реабилитация қилиш учун касалхонага ётиб даъволанишига ва ҳайдовчилик ўқув курсида ўқишига ҳомийлик қилди. Н. Муҳамедов яна фуқаро А.Тга кўзида жарроҳлик операциясини ўтказишда ёрдам кўрсатишни ҳам режалаштирган. Ипакчилик маҳалласида истиқомат қилувчи Н. Муҳамедов ушбу амалларни нафақат Ҳаж орзуси, балки савоб йўлида қилганини айтмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқуловнинг айтишича, ўтган йилдан Ўзбекистон учун квоталар оширилганига қарамай узоқ йиллардан буён навбат кутаётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Диний экстремистик гуруҳларга алоқадорлиги бўйича жазо муддатини ўтаган фуқароларга улар танлаган йўл ислом динига ёд эканини Масжид имомлари билан биргаликда тушунтириб, даъват қилиб уларни тўғри йўлга қайтарган ҳамда моддий ёрдам бериб уларни жамиятимизга қайтаришга кўмаклашаётган фуқаролармизнинг борлиги қувонарли. Ҳокимият тавсияси билан молиявий кўмакка мухтож бир қанча фуқароларга шундай ёрдам кўрсатилмоқда. Бундай ишларни амалга оширган, узоқ йиллардан бери Ҳажга бориш учун навбатда турган ёши улуғ фуқароларимизга Президентимиз таъкидлаганларидек, биринчилардан бўлиб муқаддас Ҳаж сафарига боришларига навбат берилмоқда.
Manba: uza.uz