Президент ҳозирда банд бўлмаган 92 минг битирувчини ишга жойлаштириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш йўналишларини кўрсатиб ўтди.
20 минг нафар битирувчи магистратура ва иккинчи мутахассислик билан қамраб олинади. Яна 20 минг нафар битирувчини 10 мингга яқин корхонадаги стаж талаб қилмайдиган иш ўринларига жойлаштириш мумкин.
Ҳар бир вилоятда бизнес-инкубаторлар ташкил қилиб, уларда тадбиркорлик стартаплари, маркетинг, дизайн, АТ хизматлари орқали 15-20 минг битирувчини банд қилиш топширилди.
Кимё, энергетика, геология, автосаноат, металлургия, фармацевтика тармоқларида 10 минг муҳандис, технолог, оператор, стандартлаш, сифат назорати, молия, иқтисодиёт йўналиши битирувчиларини ишга жойлаш имконияти бор.
Шунингдек, тўқимачилик, чарм, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат каби маҳаллий саноат тармоқларида 5-7 минг битирувчини доимий иш билан таъминлаш мумкин.
Мутасаддиларга 6 минг битирувчини транспорт, логистика, йўл, қурилиш, коммунал соҳалар билан қамраб олиш, педагогика, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, маданият, санъат соҳалари муассасалари ва ўқув марказларида 10 минг битирувчини ишли қилиш топширилди.
Яна 30 минг битирувчига бизнесини йўлга қўйишга кўмаклашилади.